Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли хайрия тадбирлари ва ифторлик маросимлари ўтказилмоқда.
Ана шундай эзгу анъана ва хайрия тадбирлари Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев бошчилигида ҳудуддаги имом-хатиблар маҳаллалардаги эҳтиёжманд хонадонларда бўлиб, ифторлик дастурхонлари ёзиш ва ҳадялар улашиш орқали уларнинг қалбига хурсандчилик киритмоқдалар.
Жумладан, Термиз шаҳридаги “Абдураҳмон Жомий” маҳалласида яшовчи Садатовлар хонадонида файзли ифторлик уюштирилиб, оила аъзоларининг ҳолидан хабар олинди.
Шу куннинг ўзида вилоятдаги 15 та туман бош имом-хатиблари ҳам ўз ҳудудларидаги боқувчисини йўқотган ва муҳтож фуқаролар хонадонларида бўлдилар. Умумий ҳисобда имомлар томонидан 390 та оилага кирилиб, уларга жами 258 миллион сўмлик озиқ-овқат жамланмалари туҳфа қилинди.
Рамазон ойининг тароватини оширишга хизмат қилган бу каби меҳр-мурувват ва саховат тадбирлари бутун ўлкамиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати