Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.
Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.
Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта.
Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олижаноб ишларда яққол намоён бўлади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир.
Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир.
Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади.
Азиз дўстлар!
Қутлуғ заминимиз узра Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг
эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Улуғ аждодларимизнинг шонли анъаналарига садоқат билан яшаб келаётган халқимизнинг азму шижоати билан ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида – Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилганини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.
Рамазони шариф кунларида муҳтарам уламоларимиз, илм-фан ва ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шу табаррук масканларда буюк азиз-авлиё ва алломаларимиз хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, бу муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқимиз учун кенг очишни режа қилганмиз ва бу ишларни албатта амалга оширамиз.
Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман.
Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин!
Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти