Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Пойтахтимиздаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Индонезия мустақиллигининг 81 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирни Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Сити Руҳаъини Жуҳаъятин хоним ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов очиб берди.
Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, давлат органлари, ишбилармон доиралар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, Индонезия халқи учун муҳим бўлган ушбу санани нишонлади. Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дўстона муносабатларни алоҳида қайд этиб ўтишди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан раис ўринбосари, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов ҳам иштирок этиб, элчини истиқлол байрами билан муборакбод этди. Ўзаро суҳбат жараёнида Индонезия Диёнат вазирлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, икки давлатнинг вақф фондлари алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати