Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Индонезиянинг Шарқий Ява провинцияси маъмурий маркази — Сурабая шаҳрида “Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдимоти” мавзусида кенг қамровли тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган анжуманда маҳаллий ҳокимият вакиллари, 50 дан ортиқ етакчи туризм компаниялари раҳбарлари ва умра ташкилотчилари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — “Umrah Plus Uzbekistan” дастури доирасида қўшма турпакетларни тарғиб қилиш ва маҳаллий туроператорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон ва Индонезияни муштарак ислом цивилизацияси мероси ва маънавий қадриятлар боғлаб туриши алоҳида қайд этилди. Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг мероси индонезиялик зиёратчилар учун алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди. Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой тарихий-меъморий қиёфаси ҳамда замонавий туристик инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда Шарқий Яванинг Гресик шаҳрида мақбараси жойлашган Мавлоно Малик Иброҳим Самарқандий (Сунан Гресик) шахсиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. XIV асрда Ява оролида ислом динини ёйишда беқиёс хизмат қилган ушбу зот айнан Самарқанд заминидан етишиб чиққани икки мамлакат ўртасидаги маънавий кўприк сифатида эътироф этилди. Бу ҳолат индонезияликлар қалбида Ўзбекистонга нисбатан алоҳида меҳр ва ҳурмат уйғотиши қайд этилди.
Музокаралар доирасида йилига 12 мингдан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатувчи “An Namiroh Travel”, “Ebad Travel” ва “Safira Travel” каби йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу туроператорлар Ўзбекистон бўйлаб зиёрат ва маданий туризм пакетларини ўз фаолият йўналишларига қўшишга ҳамда амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
AMPHURI (Умра ва Ҳаж ташкилотчилари ассоциацияси) минтақавий бўлинмаси раиси Муҳаммад Суфян Ариф Ўзбекистонни «Имом Бухорий юрти» деб атаб, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилиш ҳар бир индонезиялик мусулмон оиласининг катта орзуси эканини таъкидлади. Унинг фикрича, “Umrah Plus” дастурларини мазмунан бойитишда Ўзбекистон йўналиши энг истиқболли ва долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади.
Тадбир Индонезия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Электрон нашрлардаги мақолаларда Ўзбекистон Буюк Ипак йўли меросини замонавий туризм дипломатияси билан уйғунлаштирган ҳолда, жаҳон ислом туризми маконида муҳим марказ сифатида шаклланаётгани юқори баҳоланди. Бу каби тарғибот ишлари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
dunyo.info