Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2026   |   2 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:26
Bismillah
12 Ноябр, 2026, 2 Жумадул сони, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   20310   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Жонсиз ва жонли нарсалар

18.02.2026   16856   3 min.
Жонсиз ва жонли нарсалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Энди жонсиз нарсаларни олиб қарайлик. Мисол учун, ер. Унинг устки қатлами қимирламасдан сокин туради. Инсонлар унинг устида бемалол яшайдилар. Бино, иншоотларини қуришади. Аслида Аллоҳ таоло ер юзини шунга мос қилиб яратган. Лекин баъзан бу қонуният бузилиб туради. Вулқонлар отилиб ундан чиққан лавалар ҳамма жойни вайрон қилади. Зилзилалар бўлиб биноларни қулашига сабаб бўлади. Олимлар қанча ҳаракат қилишмасин бундай офатларни тўхтатиб тура олишмайди. Қўлларидан келгани силкиниш даражасини аниқлаш холос. 
Демак, илм ҳам, қудрат ҳам ёлғиз Аллоҳ таолодан экан. Бунинг барчаси қудрат фақатгина Аллоҳнинг қўлида эканини билишимиз, дин асри тугади, илм-фан замони келди демаслигимиз учун.
Аллоҳнинг қудрати мутлақ эканига атроф оламдан жуда кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Мазлумларга ёрдам берадиган ҳам, золимлардан ўч оладиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Борлиқдаги барча нарса Аллоҳнинг измидадир. Борлиқдаги қонунларни яратган ҳам, хоҳласа уларни ўзгартирадиган ҳам Аллоҳдир. Вақти келиб борлиқдаги барча қонунлар бузулади ва ерда ҳаёт тугайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


﴿إِذَا السَّمَاءُ انْفَطَرَتْ وَإِذَا الْكَوَاكِبُ انْتَثَرَتْ وَإِذَا الْبِحَارُ فُجِّرَتْ وَإِذَا الْقُبُورُ بُعْثِرَتْ عَلِمَتْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ وَأَخَّرَتْ﴾

“Вақтики осмон ёрилса. Ва вақтики юлдузлар сочилиб кетса. Ва вақтики денгизлар портлатилса. Ва вақтики қабрлар остин-устун бўлса. Ҳар бир нимани муқаддам қилди-ю, нимани охир қилди биладир” (Инфитор сураси, 1-5 – оятлар).
Қуръони каримда қиёмат куни бўладиган ҳолатларни ёритган оятлар жуда кўп. Айримлар бундай дейдилар “Яратганнинг қудрати мукаммалдир. Шунинг учун борлиқдаги қонуниятлар миллион йиллар ўтса-да, ўзгармасдан қолаверади, бир сония ҳам ўзгармасдан туради”. Уларга айтадиган гапимиз шуки “Аввало борлиққа яхшилаб назар солинглар. Наҳотки ўтган замонлардан бери коинот, борлиқ ўзгармаган бўлса?!
Яна айримлар эса борлиқдаги қонуниятларни ўзгарувчан деб биладилар ва буни Яратганнинг қудрати эркинлиги билан изоҳлашга уринадилар. Уларга ҳам бу эътиқодлари хато эканлигини билишлари учун атрофга боқишлари кифоя эканлигини эслатиб қўймоқчимиз.
Инсон зулм кўрган пайтда қалбидан “Аллоҳ бор, мени ташлаб қўймайди” дея умид қилади. Нега? Чунки ҳамма бир лаҳзада вазият Аллоҳнинг изни ила ўзгариши мумкинлигини яхши билади. 
Одатда инсон сабабият қонуниятлари амал қилаётган пайтда Аллоҳни кам эслайди. Аслида ҳамма нарса Аллоҳнинг изни ила содир бўлаётган бўлса ҳам бу нарсани оддий қабул қилади. Бироқ кутилмаган пайтда ишлар бўлгандагина инсон яхшироқ тафаккур қилишни бошлайди, яратган эгасини эслайди. Аллоҳнинг борлигига атрофимиздаги нарсалар орқали мисоллар келтирдик. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ﴾

“Ўзингизда ҳам (мўжизалар бордир). Кўрмайсизларми” (Зориёт сураси, 21-оят).
Киши ўзига назар солса, Лекин мўжизаларни кўрмаса унда ушбу оятнинг маъноси нима? Бу энди кейинг бобга тегишли мавзу.

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан