Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўтган солиҳларнинг Аллоҳдан ҳақиқий, сохталиксиз, самимий ҳаё қилганликлари тўғрисида кўплаб ҳикоялар ва мисоллар бизгача етиб келган. Гоҳо айрим тақводорлар Аллоҳга қандайдир кичик итоатсизлик қилиб қўйганлари учун ҳатто масжиддан ҳам, Аллоҳнинг уйи булганлиги сабаб уялиб, ўзларини тортганлар...
Намозини масжиддан ташқарида ўқиётган бир солиҳни кўриб, сўрабдилар:
– Нега намозинги масжидда адо этмаяпсан?
Жавоб берибдики:
– Аллоҳнинг олдида унинг уйига киришдан уяламан, чунки ҳозир бир итоатсизлик қилиб қўйдим .
Солиҳларнинг ораларида Аллоҳдан ўзга бирор бир нарсадан қўрқишдан ҳаё қиладиганлар ҳам бўлган экан. Шундай ҳикоя қилинибди:
“Бир тунда қуюқ ўрмонда кетаётиб, ухлаётган кишига дуч келдик. Яқинида оти ўтлаб юрарди. Биз уни уйғотиб сўрадик:
– Бундай хатарли жойда ухлашдан қўрқмайсанми, ахир атрофда йиртқичлар изғиб юришибди-ку?!
У бошини кўтариб:
– Аллоҳдан ўзга нарсадан қўрқишга ҳаё қиламан, – деди-да, ўгрилиб яна уйқуга кетди”.
Абу Бакр ал-Варроқ қуддиса сирруҳу айтган эканлар: “Баъзан икки ракат намоз ўқиб, намозжойини тарк этаганимда мени шундай бир ҳаё чулғаб оладики, гўё ўғрилиги сабаб хижолатда қолган ўғрига ўхшайман”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.