Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъий (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этган дейилади)ни бундай деяётганини эшитдим:
“Бир куни Басрадаги масжиддан чиқиб, шаҳар кўчаларида кетиб бораётсам, рўпарамдан туя миниб, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди. Мендан: “Қаердансан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман” деб жавоб бердим. У: “Асмаъиймисан?” деди. Мен: “Ҳа, шундай” дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан”, деб жавоб бердим. У мендан: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. “Зарият” сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий мендан “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломи-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир”, дедим. Аъробий менга: “Шу кифоя қилади” деди.
Кейин туясининг олдига бориб, уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин бўлинган гўштдан ўтган-кетган кишиларга тарқатиб чиқдик. Сўнгра қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.
Кейин саҳро ичкарисига қараб юриб кетди. Кетар экан, “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг?!” дедим.
Кейинги йили Ҳажга борганимда, Маккага кирдим. Каъбани тавоф қилиб турганимда, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқизиб қўйиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Роббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин мендан: “Бундан бошқа Каломи ҳам бор-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида:
فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ
“Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у (гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган” дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдилар-ми? Унинг Каломига ишонмайдилар-ми? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта гапирдию, ўша онда жони узилди”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобларидан