Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар инсон бирор нарса ихтиро қилса, унинг сифатларини, имкониятларини ва нуқсонларини жуда яхши билади. Худди шундай, Аллоҳ таоло инсонни яратди ва Ўзи яратган махлуқотларининг имкониятларини жуда яхши билувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бирор оятида бандаларининг яхши сифатларини келтирган бўлса, улар билан бирга бешта нуқсонни ҳам санаб ўтган. Қуйида уларни бирма-бир баён этамиз.
Инсон золимдир
Инсоннинг энг катта нуқсонларидан бири у золимдир.
﴿إِنَّهُ كَانَ ظَلوُمًا﴾
«Дарҳақиқат, у (инсон) ўта золимдир» (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Албатта, инсон золим бўлиши билан бирга, унда бу нуқсонини тўғрилаш имконияти бор. Яъни, инсон Аллоҳ таолога маҳбуб бўлган – одил сифати билан сифатланиши мумкин.
Инсон жоҳилдир
Иккинчи нуқсони шуки инсон ўта жоҳилдир.
﴿كَانَ ظَلُومًا جَهُولًاُ﴾
«Дарҳақиқат, у (инсон) ўта золим ва ўта жоҳилдир» (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Инсонда бу сифатнинг акси бўлган илм ҳосил қилиш истеъдоди бор. Гуёки Аллоҳ таоло ушбу икки лафз (жоҳил ва золим) билан шунга ишора қиляптики, агар инсон ҳаракат қилса, ўзининг жоҳиллигини олимликка, золимлигини эса одилликка ўзгартириши мумкин. Агар меҳнат қилмаса, золимлигича, жоҳиллигичи қолиб кетади.
Инсон заифдир
Инсоннинг учинчи нуқсонини баён қилиб Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади.
﴿وَ خُلِقَ الْإِنْسَنُ ضَعِيفًا﴾
«Ва инсон заиф яратилгандир», (Нисо сурси, 28-оят).
Инсон шу даражада заифки, унинг онгида инглизлар таъбири билан айтганда, “Fear of unknown” (Нотаниш нарсадан хавфсираш) ҳукм суради.
Банда ниҳоятда ожизки, у заррадек вирус сабабли бемор бўлади. Натижада у иложсиз қолиб, шифокорнинг “касалингиз давосиз” деган сўзидан чуқур қайғуга ботади. Ваҳоланки, вирус шу даражада кичикки, уни ҳатто оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Лекин шу зарра миқдоридаги вирус одамларни ҳалокат ёқасигача олиб боради.
Инсон шошқалоқдир
Тўртинчи нуқсон бу шошқалоқликдир. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади.
﴿وَ كَانَ الْإِنْسَانُ عَجُولًا﴾
«Ва инсон шошқалоқ бўлгандир», (Исро сураси, 11-оят).
Яъни, инсон табиатан шошқалоқдир. Агар тўрт кун нафл намозларини ўқиса, келаси бешинчи куни Шайх Шиблий раҳматуллоҳи алайҳ ёки Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ авлиёлар сингари кароматлар кўрсатишни орзу қилади, дуолари бир лаҳзада қабул бўладиган зот бўлишни хоҳлаб қолади. Бир, икки марта дуо қилиб, менинг дуоларим ижобат бўлиши керак, деб даъво қила бошлайди.
Эй ожиз банда! Аллоҳ таоло бандаларига Қуръони каримда жуда кўп маротаба намоз ўқишга буюради. Лекин биз бу ҳукмни бир қулоғимиздан эшитиб, иккинчисидан чиқариб юборамиз. Агар ўзимиз бировга бир ишни уч марта буюрсак, тўртинчи дафасида ғазабимиз чиқиб, кўзларимиз қизариб: “Ҳой, сен мени эшитмаяпсанми, мен сенга уч марта айтдим”, деймиз. Лекин еру осмоннинг хазиналари Унинг қўлида бўлган Зот қайта-қайта намоз ўқишга буюради. Лекин биз “Аллоҳу акбар” деган азон овозини эшитсак ҳам, масжид сари йўл олмаймиз. Аллоҳнинг буйруғига эътибор қаратмаймиз. Озгина амалининг эвазига катта-катта даража ва мукофотларни фақатгина шошқалоқ инсон орзу қилади.
Инсон беҳафсала ва тор юракдир
Аллоҳ таоло бешинчи нуқсон ҳақида бундай марҳамат қилади:
﴿إِنَّ الْإِنْسَانَ خُلِقَ هَلُوْعًا﴾
«Албатта инсон ўта беҳафсала қилиб яратилингандир» (Маъориж сураси, 33-оят).
Айрим муфассирлар ушбу ояти каримани “тор юраклидир” деб тафсир қилганлар. Яъни, инсон шу даражада беҳафсалаки, унга Аллоҳ таоло томонидан яхшилик етса, фаромуш қилади, озгина мусибат етса, сабот билан сабр қилмайди. Агар бирон муваффақиятга эришса, фақат ўзининг кучи билан унга эришганини даъво қилади. Аллоҳ таолонинг берган тавфиқини унутади. Бордию ундан биргина интервью олинса, ўзининг шижоати, қаҳрамонлиги билан муваффақиятга эришганини айтади. Агар у муваффақиятсизликка учраса ва ундан: “Сизга нима бўлди?” деб сўралса у: “Аллоҳ таолонинг иши экан, пешонага ёзилгани бўлади-да”, дейди.
Ҳа инсон шундай, бир нарсага эришса ўзидан, йўқотса Аллоҳ таолодан деб билади, ўзининг хатосини айтмайди. Биз нима учун бир оддий сабабчи эканимизни, Аллоҳ таоло ҳамма ишнинг тавфиқини берувчи эканини айтмаймиз? Чунки биз муваффақият пайтида нафсимизнинг қули бўламиз, Аллоҳ Роббул иззатни унутиб қўямиз. Ваҳоланки, яхшиликлар, ютуқларни Ундан деб билиб, ўнгидан келмаган ишларимизни ўзимизнинг нуқсон ва камчилигимиздан деб билишимиз лозим.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг "Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси