Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Аввалги қавмлар ўзларига юборилган набийларига эътирозлар қилиб, уларни ёлғонга чиқариб, туҳматлар қилишган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда буларнинг эътирозларига ушбу анбиёларнинг муборак тилларидан жавоб беради. Масалан, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми у зотга эътироз қилганда у зот:
﴿قَالَ يَا قَوْمِ لَّيْسَ بِىْ سَفَاهَةٌ وَ لَكِنَّى رَسُوْلٌ مِّنْ رَّبِّ الْعَالَمِيْنَ﴾
«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Мен оламларнинг Роббидан сизларга келган Расулман», деди» (Аъроф сураси, 67-оят).
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми у зотга эътироз қилганда эса у зот:
﴿قَالَ يَا قَوْمِ لَيْسَ بِى ضَلَلَةٌ وَ لَكِنِّى رَسُوْلٌ مِّنْ رَّبِّ الْعَالَمِيْنَ﴾
«Эй қавмим, менда залолат йўқ. Мен оламларнинг Роббидан сизларга келган Расулман», деди» (Аъроф сураси, 61-оят).
Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавмларидаги бадбахт кимсалар у зотни мажнун дейишганда бунга жавобан Қуръони каримда ўзгача йўл тутилган. Уларга у зотнинг тилларидан жавоб берилмаган, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга раддия берди:
﴿وَمَا صَاحِبُكُمْ بِمَجْنُوْنٍ﴾
«Соҳибингиз мажнун эмас» (Таквир сураси, 22-оят).
Қолаверса, Аллоҳ таоло мушрикларнинг таъналарига учраётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериш учун бундай марҳамат қилади:
﴿مَآ أَنْتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُوْنٍ﴾
«Роббинг неъмати ила сен мажнун эмассан» (Қалам сураси, 2-оят).
﴿وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيْمٍ﴾
«Албатта, сен улкан хулқ соҳибисан» (Қалам сураси, 4-оят).
Аллоҳ таоло бу тасалласи билан кифояланмай, яна бундай марҳамат қилади:
﴿وَإِنَّ لَكَ لَأَجْرًا غَيْرَ مَمْنُونٍ﴾
«Албатта, сенга асло тугамайдиган ажр бордир» (Қалам сураси, 3-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериш учун у зотни айбламоқчи бўлаётганларнинг ўзи аслида кимлигини фош этиб, уларнинг сўзига қулоқ солмасликка, парво этмасликка буюради:
﴿وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَّهِيْنٍ هَمَّاز ٍمَّشَّآءِ بِنَمِيمٍ مَّنَّاعٍ لِّلْخَيْرِ مُعْتَدٍ أَثِيمٍ عُتُلِّ بَعْدَ ذَلِكَ زَنِيمٍ﴾
«Ҳар хил қасамхўр, пасткашларга, айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчиларга, яхшиликни тўсувчи, тажовузкор, сергуноҳларга, қўпол ва бунинг устига, отасининг тайини йўққа итоат қилма!» (Қалам сураси, 10 сураси, 13-оят).
Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳга муҳаббати ва меҳрибонлиги бу оятларда яққол намоён бўлади. Субҳаналлоҳ!!!
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси