Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Тартиб-интизомли бўлиш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш, вазифага масъулият ёндашиш – динимиз талабларидан. Зотан, тартиб бор жойда барака, интизом ва масъулият бор жойда эса унум бўлади.
Бугун Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноиблари иштирокида Маърифат соати бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомиджонов иштирок этиб, ўзларининг зарур тавсияларини бердилар.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бориб, диний соҳа ходими ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиши, маъруза қилиш одоби, муомала маданияти, маърузани ўрнига қараб қилиш, фасоҳатли гапириш бўйича диний соҳа ходимларига зарур тавсияларни бердилар.
– Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрларимиз, – дедилар Абдуқаҳҳор домла. – У зот биз учун кўзгудирлар. Шу боис ҳар бир ишимизни Набий алайҳиссалом ўргатганларидек қилишимиз керак. Биласизлар, Пайғамбаримиз жуда тартиб-интизомли бўлганлар. Ҳадиси шарифда: «Мен яхши ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим», дейилган (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, ҳар бир имом, ноиб одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли, масъулиятли бўлиши ҳамда ижро интизомига қатъий риоя қилиши шарт.
Маърифат соати сўнгида имом-хатиблар ва ноибларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.
Тадбир сўнгида 2023–2026 йилларда пойтахтимиз туманларида диний-маърифий ва хайрия соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрланган бежирим фотоальбомлар туманлар бош имом-хатибларига тантанали равишда топширилди.
Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати