Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
1-ҚИСМ
Даъво: Ҳижрат ва жанг йўлини танлаганлар ҳақ йўлда.
Раддия: Саҳобаларнинг жанглари: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳбарлигида давлат ва жамоат ҳукми билан, аниқ шаръий қоидалар асосида бўлган.
Бугунги кунда айрим гуруҳларнинг ўзбошимчалик билан қурол олиши, давлат, жамият ва уламоларга қарши чиқиши саҳобалар амалига умуман ўхшамайди.
2. Ҳижрат – мутлақ ва доимий фарздек кўрсатилиши нотўғри.
Ҳанафий–Мотуридий ақидасига кўра, ҳижрат шароитга боғлиқ ҳукм; агар инсон ўз юртида: динини сақлаб яшай олса, фарз-воҷибларни адо этса, фитна ва куфрга мажбурланмаса, унда ҳижрат фарз эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ айтганлар: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ” (яъни Макка ҳижрати каби умумий ҳижрат тугади).
Демак, ҳижратни ҳар замон ва ҳар жойда барчага мажбурий қилиб кўрсатиш – фиқҳга зид.
3. “Жанг ва хавф – ҳақ йўл белгиси” деган тасаввур ботил.
Исломда ҳақ йўлнинг мезони – Қуръон, суннат ва жамоат. Жанг, уруш, қон тўкиш ва хавф эса, фазилат эмас.
Абу Мансур Мотуридий таълимотига кўра, Аллоҳ бандалари учун омонлик, адолат ва ҳаётни асрашни истайди.
Жанг: фақат заруратда, қонунли ҳокимият остида, фитнани тўхтатиш учун бўлади.
Зўравонликни “жиҳод руҳи” деб кўрсатиш – жиҳод тушунчасини бузишдир.
4. “Мужоҳидлар” образини қаҳрамонлаштириш – хавфли ғоя
Аҳли сунна манҳажида: қаҳрамон – шариатга итоат қилган,жамиятга зарар келтирмаган, қон тўкишдан эҳтиёт қилган киши.
Ўзбошимчалик билан қурол кўтарган, фитна чиқарган, мусулмон юртларини вайрон қилган шахслар мужоҳид деб эмас, балки фитначи деб баҳоланади.
Xулоса, Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридий ақидасига кўра:
1. Саҳобалар ҳаётини замонавий қуролли гуруҳлар билан қиёслаш – ботил.
2. Ҳижрат ҳар кимга, ҳар жойда фарз, деган даъво нотўғри.
3. Зўравонликни жиҳод деб оқлаш – Исломга хиёнат.
4. Бундай маърузалар илмга эмас, радикаллашув ва фитнага хизмат қилади.
Раддия: Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар.
Бундан инсоннинг ҳавойи нафсининг куйига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод эканлиги, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани чиқади.
Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда эса, қуйидагилар айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар.
“Ҳа”, деди.
“Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!” дедилар.
Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин.
Шариатга, забардаст Ислом уламоларининг фатволарига мувофиқ тарих давомида бутун халқ, мамлакат, давлат учун кучга эга қилич жиҳодини эълон қилиш ҳуқуқига фақат мусулмонлар раҳбари ёки мусулмонлар яшайдиган давлат раҳбари ушбу мамлакатнинг юқори даражадаги олимлари билан маслаҳатлашган холда эга бўлади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси