Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Каъба биносининг мустаҳкамлигини таъминлаш учун унга қўшимча том қурилган бўлиб, у ички ва ташқи томлардан иборат. Ушбу икки том орасидаги масофа бир метрдан ортиқни ташкил этади.
Ташқаридан қараганда ёки Каъба ичига кириб, шифтга қаралса, том бир қаватдек туюлади. Каъбанинг юқорисига чиқгач, томнинг икки қаватдан иборат эканлиги билинади.
Каъбадаги ички шифт ва ташқи томлар асосан ёғочдан ишланган. Ташқи том Бирмадан келтирилган 49 дона Тик (teak) дарахти ёғочидан тайёрланган. Ҳар икки том махсус елим билан маҳкамланган бўлиб, бу уларнинг бутунлигига зарар етказмаслигини таъминлайди.

Тик ёғочи дунёдаги энг қаттиқ ва чидамли ёғочлардан бири ҳисобланади. Унинг таркибида табиий мойлар кўп бўлгани учун у намликка, чиришга ва турли ҳашаротларга (масалан, термитларга) ниҳоятда бардошлидир. Чидамлилиги туфайли ундан асосан кемасозликда, қимматбаҳо мебеллар ясашда ва тарихий обидаларнинг том қисмларини қуришда фойдаланилади. Асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда (Ҳиндистон, Индонезия, Мьянма/Бирма) ўсади.

Маълумотларга кўра, Каъбанинг ички том қисми тарих давомида 100 мартадан ортиқ таъмирланган. Илк таъмирлаш ишлари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссломнинг охирги ҳаж сафарларидан қайтганларидан сўнг, баъзи тошлар тушиб кетганда амалга оширилган. Тошлар ёғоч билан алмаштирилган.
Кейинчалик, Халифа Умар ибн Хаттоб даврида ҳам бинони янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилган ва ушбу даврда мустаҳкам хом ашёлар ишлатилгани манбаларда қайд этилади.
Ҳар йили Маккада кучли ёмғирлар мавсуми бошланганда, бир гуруҳ мутахассис усталар Каъба томини кўздан кечирадилар. Агар ёмғир суви томдаги кичик тирқишлардан ичкарига сизиб кирса, иншоотнинг ўша қисмини қайта таъмирлайдилар.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев