Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
حدثنا أحمد بن خازم نا عون بن سلام نا أبو بكر النهشلي عن الأعمش عن شقيق عن عبد الله أنه لبى على الصفا وقال: يا لسان قل خيرا تغنم أو اصمت تسلم من قبل أن تندم. فقال: يا أبا عبد الرحمن أهذا شيء أنت سمعته قال: بل سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: إن أكثر خطايا ابن آدم في لسانه.
Шақиқ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У Сафода талбия (лаббайка)ни айтиб туриб, “Эй тил, яхши гапни айт, фойда топасан ёки сукут сақла, пушаймон бўлишдан олдин саломат бўласан”, деди.
Унга: “Эй Абу Абдураҳмон, бу(ни ўзингизча айтаяпсизми ёки) сиз эшитган нарсами?” деди. У: “(Йўқ) балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг: “Одам фарзанди хатоларининг аксарияти тилидандир”, деганларини эшитганман”, деди”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси