Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Аллоҳ таоло бутун борлиқда Ўзининг борлигини исботловчи мўжизаларни яратган. Жамики мавжудот, жонзотлар, ўсимликлар Аллоҳнинг ягона Зот эканини исботлайди. Бу ҳақда чуқур фикрлаб, ўйлаб кўрсак кифоя.
Аллоҳ таоло доимо ақл эгалари учун Ўзининг борлигини исботловчи далилларни зоҳир қилган. Инсоният тараққиётга илдамлагани сари Аллоҳ таоло ҳам уларга бундай далилларни янада ёрқинроқ қила бошлади. Ҳар бир замон эгаларининг ақлига яраша муомала қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг адолатли ва ҳикматли Зот эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло борлиқни Ўзининг борлигига энг биринчи далил қилиб кўрсатди. Оддий инсон ҳам ақлини озгина ишлатиб кўрса Аллоҳнинг ягоналигини англай олади.
Аллоҳ таолонинг борлигига бу дунёда моддий далиллардан ташқари, ақлий далиллар ҳам мавжуд. Аллоҳнинг борлигини исботловчи бирламчи восита ҳам аслида ақл бўлади. Ақл туфайли Аллоҳнинг борлигини исботлай оламиз ва бунга борлиқда етарлича далиллар бор.
Шундай бўлсада ақлнинг ўзи бизга барча ҳақиқатларни очиб бера олмайди. Яъни, ақл билан ягона Яратувчи Зот борлигини англай оламиз. Бироқ ўша Яратувчи Зот биздан талаб қилган нарсани ва вазифамиз нимадан иборат эканини ақлимиз орқали топа олмаймиз. Қандай ибодат қилишни, нималар қилиш керак ва нималар қилмаслигимиз лозим, жазо ёки мукофотларни фақатгина ақл билан идрок этиб бўлмайди. Айни шу сабабдан Яратган Зот башариятга Ўз элчилари, яъни пайғамбарларини юборди.
Нима учун яратилдик? Бу борлиқ нега яратилган? Шу каби саволларнинг барчасига пайғамбарлар алайҳимуссалом жавоб берадилар. Ушбу саволларга ақлимизни қанча ишлатиб кўрмайлик бирор жавоб топишимиз мушкул.
Башарият пайдо бўлиши билан уларни Яратган Зот буйруқларидан огоҳ этиш учун пайғамбарларини ҳам юборди. Пайғамбарлар одамларга турли мўжизаларни, ақлбовар қилмас ҳодисаларни кўрсатиб, инсонларни ўзларига эргашишга даъват этдилар. Лекин биз бу китобимизда мўжизалар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Ушбу китобимизда фақатгина ақлий далилларни ўрганамиз. Яъни бизнинг оламимиздан бошқа олам ҳам бор эканини исботловчи ақлий далилларни ўрганиб чиқамиз.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан