Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон Жомий
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот бу муаллим ва мураббийлардир.
Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал бўлиб, бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
«Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиққача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.
Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бизда шогирдларига илм – ҳикматни танитувчи устозлар ҳурмат қилинган. Бу ҳақида қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмас:
Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».
Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
1-октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар" куни билан бугунги кунда динимиз равнақи, ёш авлодни соғлом эътиқод, ватанпарварлик ва юксак ахлоқ руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатаётган барча устоз ва мураббийларимизни чин қалбдан муборакбод этамиз!
Аллоҳ таоло ҳар бир устозимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, илмий ва маърифий фаолиятларида улкан зафарлар ато этсин. Қилган барча солиҳ амаллари ва ўргатган илмлари уларга садақаи жория бўлиб турсин!
Ҳамиша эъзозда ва эҳтиромда бўлинг, қадрли устозлар!
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани “Қирсадақ”
жоме масжиди имом хатиби