Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2026   |   28 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:02
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:14
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2026, 28 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19381   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

ЗАМОННИНГ ЧИРОҚЛАРИ

30.09.2026   58879   5 min.
ЗАМОННИНГ ЧИРОҚЛАРИ

Устозлик мақоми қанчалик юксак даража эканини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг биргина ҳадис шарифлари орқали билиб олишимиз мумкин. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“إنما بُعِثْتُ مُعَلِّمًا” яъни “мен муаллим – устоз қилиб юборилдим”. Ушбу ривоятдан устозларнинг даражаси энг олий мартаба экани намоён бўлади. Буюк саҳобалардан Али розияллоҳу анҳу устоз ҳақида: “менга бир ҳарф ўргатган кимсанинг қулиман, у хоҳласа мени сотиб юборади, хоҳласа қул қилиб ишлатади”, - деганлар. Навоий бобомиз ҳам устозлар ҳақида ўз байтларида дедилар: “Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,  айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила”. Дунёдаги барча мол-у мулкни бир қилиб илм берган устозга ўқитган илми эвазига дейилса, ўргатган илми тугул устознинг таълим жараёнида чеккан заҳматининг ўзига ҳам арзимас ва етарли бўлмас экан. Аллоҳ таоло устознинг этагини тутиб унга эргашиш вожиб амал эканини Ўз оятида баён етиб, шундай марҳамат қилади: “Менга йўналганларнинг йўлига эргаш…” (Луқмон сураси 15-оят). Яъни: Аллоҳ таоло Ўз оятларида менга йўналган, яъни тўғри йўлда юрган ва Расулларнинг ҳақиқий издошлари бўлмиш устозларга эргашиб уларнинг этагини маҳкам тут демоқда. Демак, биз устозга эҳтиром кўрсатсак тўғридан-тўғри энг биринчи муаллим Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳурмат кўрсатган бўламиз. Инсоннинг илмга етиши ва олим бўлишидаги асосий йўл бу – устоздир!. Талаба устозининг камчиликларини излаши ёки уни ёнида бўлганида ҳурмат қилиши уёқда турсин, ҳатто устоз ҳақида ёмон гумонда бўлиш ҳам зарардир. Бунга Имом Раббонийнинг ҳаётидан “Ат-Тасаввуф вас-сулук” асарида келган бир мисолни келтирсак: Талаба устозини, ўзига энг манфаатли зот деб билиши керак. Чунки, ботиний салоҳият ва маърифат мана шу устоз тарафидан ҳосил бўлади. Агар бошқа жиҳатларга эътибор қаратса, устознинг файзу баракасидан маҳрум бўлади. Устоз аллома бўлмаслиги мумкин. Лекин, талаба учун энг фойдали инсондир. Ёш болага ўз онаси бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлади. Шу билан бирга бошқа аёллар ақл ва фазлда ундан афзал бўлиши мумкин. Ана шу каби талаба ҳам ўз устозидан бошқалардан олмаган манфаатни олади. Талаба учун устози ҳақидаги чиройли гумони миқдорича файзу футуҳлар эшиги очилади. Шайх Мужаддид Алфис-Соний раҳимаҳуллоҳ жуда ҳам кам гап эдилар. Бир киши У зотга бир марта: “Бизга насиҳат қилинг манфаат олайлик, эй саййидим!” — деди. Шунда у зот: “Бизнинг сукутимиздан фойда олмаган инсон, суҳбатимиздан асло манфаат олмас” — дедилар. Ҳазрат Мужаддид Алфис-Соний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Биз бир йўлдаги уч биродар талаба едик. Аммо, устозимиз ҳақидаги гумонларимиз турлича эди. Бир шеригим: “Устоз комил зот. Лекин, ўзгани камолотга етказолмайди” — деб ўйларди. Иккинчиси еса: “Устоз комил. Лекин, соҳиби иршод эмас” — деб ўйларди. Мен: “Агар бу умматдан бирор киши учун муваффақият бўлса, у комил шайхдир” — деб ўйлардим, мана шу чиройли гумоним сабаб, Аллоҳ таоло мени Мужаддид Алфис-Соний (Иккинчи минг йилликнинг авлиёси) даражасига танлаб олди!”.

Баъзан устозларимиз бизга қаттиққўллик қилсалар бу аслида ёмон кўриш эмас, балки бу муҳаббатдир. Бу ҳақида Шайхул-машойих Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ат-Тасаввуф вас-сулук” асарида шундай келтирадилар:  Устознинг қаттиққўллиги ва койиши сабаб, талаба ранжимасин ва устоз ҳақида ноўрин фикрларга бориб, устозни тарк этмасин. Чунки, устознинг танбеҳлари шогирдни сайқаллаб, жило беради. Боғбон ўз боғидаги дарахтларнинг ортиқча шохларини кесади, натижада униб-ўсиши гўзал, кўриниши чиройли бўлади. Табиб ҳам, беморнинг жароҳатини ёриб, касал теккан аъзони даволаб, сўнг инсон тузалиши учун жароҳатни тикиб қўяди. Ҳудди шу каби устоз ҳам ўз шогирдига меҳр ва раҳмат ила муомала қилади. Гоҳида койиб беради, гоҳ қаттиққўллик қилади. Талаба мақтовга сазовор сифатлар билан безаниши учун. Устознинг ботиний касаллик ила бемор бўлган шогирдни койиши, заҳарга қарши дори кабидир. Чунки, устоз ихлос билан тарбия бериш мақсадида талабаларни койийди.

Хулоса қилиб айтганда, устозларни улуғлаш бевосита Расулуллоҳ алайҳиссаломни икром қилишдир. Бу эса талабанинг илми янада зиёда бўлиши йўлидаги муҳим омил саналади. Устозларнинг койиши эса, руҳимизнинг ислоҳи, униб-улғайишимиз йўлидаги ҳақиқий шифобахш малҳамдир.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Қуръони карим.

2.  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири ҳилол”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2008.

3. Имом Бурҳониддин Зарнужий, “Таълим ул-мутаъаллим тариқ ат-таъаллум”, Рамадон, Индонезия. 2009.

4. Муҳаммадбобур Муҳиддинов ва Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо, “Ҳар мўминнинг орзуси”, Мурувватли-дил пресс, 2026.

 

"Ҳасанхон қори" жоме масжиди

имом-хатиби 

Нажмиддин домла Ҳасанов