Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида ICESCOнинг Боку минтақавий ваколатхонаси ҳамда Истиқболни режалаштириш ва сунъий интеллект маркази (Center for Foresight and Artificial Intelligence – CFAI) ҳамкорлигида “Ислом оламини келажакка тайёрлаш: стратегик истиқбол қўлланмасини тақдим этиш ва мослаштириш” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида ICESCOнинг Боку минтақавий ваколатхонаси директори Абдулҳаким Ал-Сенан, ICESCO Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад Ал-Малик (видеомурожаат орқали), Янги Жануб сиёсат марказининг катта илмий ходими Нужа Шекруни, Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актоти Райимқулова ҳамда Истиқболни режалаштириш ва сунъий интеллект маркази директори Каис Ҳаммами сўзга чиқиб, стратегик истиқболнинг давлат бошқарувидаги ўрни, сунъий интеллектнинг имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан маърузалар қилдилар.
Мазкур тадбир ICESCOга аъзо давлатларда стратегик истиқболни режалаштириш салоҳиятини ривожлантириш, давлат бошқаруви ва қарор қабул қилиш жараёнларига замонавий прогнозлаш усулларини жорий этиш, шунингдек, глобал ўзгаришларга мос ёндашувларни шакллантиришга бағишланди. Шу билан бирга, анжуман мусулмон мамлакатлари ўртасида илмий, маданий ва инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ислом цивилизацияси меросини асраш соҳасида қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Анжуман доирасида ICESCOнинг Strategic Foresight Guide – стратегик истиқболни режалаштириш бўйича қўлланмаси расман тақдим этилди. Ушбу ҳужжат ташкилотга аъзо давлатларда миллий истиқболни режалаштириш имкониятларини кучайтириш, давлат сиёсати, стратегик режалаштириш ва бошқарув тизимига илғор прогнозлаш усулларини интеграция қилишга қаратилган институционал дастурий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, тадбир иштирокчилари мазкур қўлланмани аъзо давлатларнинг тажрибаси, илмий ёндашувлари ва миллий устувор йўналишлари асосида янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашдилар.
Халқаро анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳам иштирок этиб, “Сунъий интеллект даврида ислом цивилизацияси: меросни асраш, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида маъруза қилди.
Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом цивилизацияси меросини илмий ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни замонавий рақамли технологиялар асосида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Марказ музей, илмий тадқиқот, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорликни ўзаро уйғунлаштирган замонавий илмий-маърифий платформа ҳисобланади.
Маърузада сунъий интеллект, катта маълумотлар (Big Data), рақамли технологиялар ва виртуал муҳитлар жадал ривожланаётган бугунги даврда ислом цивилизацияси меросини асраш ва уни келажак авлодларга тўлиқ ҳамда ҳаққоний етказиш долзарб вазифага айлангани таъкидланди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ишончсиз маълумотларнинг кўпайиши, исломофобия ҳолатлари ва ноёб қўлёзмаларнинг халқаро бозорларда парчаланиб сотилиши каби омиллар маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида янги ёндашувларни талаб этаётгани қайд этилди.
– Бугун маданий меросни муҳофаза қилиш фақат музейлар ёки архивлар вазифаси эмас. Бу халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий ҳимоя, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини бирлаштиришни талаб этадиган умумий масъулиятдир. Сунъий интеллект олимнинг ўрнини эгалламаслиги, балки унинг ишончли ёрдамчиси бўлиши лозим, – деди Рустам Жабборов.
Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом цивилизацияси меросини илмий ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни замонавий рақамли технологиялар асосида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Марказ музей, илмий тадқиқот, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорликни ўзаро уйғунлаштирган замонавий илмий-маърифий платформа ҳисобланади.
Шунингдек, маърузада келгуси 20–25 йилда сунъий интеллект технологиялари қўлёзмаларни рақамлаштириш, таҳлил қилиш, реставрация қилиш ва турли тилларга таржима қилиш жараёнларида муҳим ўрин эгаллаши, музейлар эса экспонатларни сақлаш жойидан билим яратувчи интеллектуал марказларга айланиши ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир ICESCOга аъзо давлатлар ўртасида стратегик истиқболни режалаштириш, маданий меросни асраб-авайлаш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда мусулмон мамлакатлари ўртасида илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати