Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Германиянинг саёҳат ва туризмга ихтисослашган нуфузли “Travelbook” онлайн-журналида “Нима учун албатта Тошкентга ташриф буюриш керак?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, Лена Браун пойтахтимизни қадимий шарқона анъаналар, замонавий архитектура, миллий ошхона ва ўзига хос турмуш тарзи уйғунлашган ноёб шаҳар сифатида тасвирлайди.
Нашрда пойтахтнинг модернистик архитектурасига алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилнинг июль ойида Тошкентнинг ўнта меъморий обидаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани шаҳарнинг архитектура меросини халқаро миқёсда эътироф этилишида муҳим воқеа бўлгани қайд этилган. Модернизм ва миллий анъаналар уйғунлигининг яққол мисоли сифатида Ўзбекистон тарихи давлат музейи биноси келтирилган.
Шунингдек, муаллиф ўқувчиларни пойтахтнинг диний-тарихий диққатга сазовор жойлари, жумладан, Ҳазрати Имом мажмуаси, Кўкалдош мадрасаси ҳамда шу йил март ойида очилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан таништиради.
Алоҳида бўлимлар ер ости бадиий галереясига тенглаштирилган Тошкент метрополитени, машҳур “Чорсу” бозори, миллий ошхона ва гастрономик анъаналарга бағишланган. Шунингдек, Миробод бозори ва “Беш Қозон” маркази тавсия этиладиган туристик объектлар қаторига киритилган.
Мақолада пойтахтнинг замонавий имкониятлари – “Tashkent City” бозори, мусиқий фавворалар, панорамли манзарага эга ресторанлар ва маданий ҳордиқ чиқариш учун турли масканлар ҳам юқори баҳоланган.
Бундан ташқари, Тошкент Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай бошланғич нуқта сифатида кўрсатилган. “Афросиёб” тезюрар поездлари ёрдамида сайёҳлар Самарқанд, Бухоро ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарларига тезда етиб боришлари мумкинлиги таъкидланган.
Мақола якунида муаллиф Тошкентнинг асосий жозибаси тарихий даврлар, маданиятлар ва архитектура услубларининг ўзаро уйғунлигида эканини урғулайди.
“Travelbook” журнали 2026 йил 19 октябрь куни Тошкентни 2027 йил учун истиқболли туристик йўналишлар қаторига ҳам киритган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати