Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Миср Араб Республикасидаги нуфузли ал-Азҳар мажмуасида Ўзбекистондан борган 20 нафар имом-хатиб учун малака ошириш ўқувлари бошланди. Шу йил 30 октябрдан 15 ноябрга қадар давом этадиган машғулотлар диний соҳа вакилларининг илмий-маърифий салоҳиятини ошириш ва халқаро тажрибани ўзлаштиришга қаратилган.
Ал-Азҳар имомлар, ваъзхонлар ва фатво тадқиқотчиларини тайёрлаш академиясида ўтаётган дарсларда имом-хатиблар араб тили, долзарб диний-ижтимоий масалалар, фатво бериш методологияси ҳамда мутаассибликка қарши курашиш йўналишларида Мисрнинг етук олимларидан сабоқ олмоқда.
Шунингдек, имом домлаларимиз ал-Азҳар мажмуасининг таълим тизими ва диний-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш тажрибаси билан танишмоқда.
Мазкур ўқувлар имом-хатибларнинг замонавий билим ва кўникмаларини бойитиш, аҳолига Ислом динининг асл моҳиятини тўғри ва таъсирчан етказиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳамда ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Малака ошириш давомида олинган билим ва тажрибалар юртимиз масжидларидаги диний-маърифий фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати