Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Қатарда бўлиб, марказ фаолияти, юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва буюк алломаларнинг илмий меросига бағишланган халқаро тақдимот, илмий семинар ҳамда кўргазмада иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ушбу тадбир Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик институти бўлиб ўтди. Унда Қатар давлат вазири, Миллий кутубхона раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Каворий, Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев, икки мамлакат олимлари, исломшунослар, экспертлар ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Тақдимотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифалари, илмий-тадқиқот йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ушбу маскан буюк аждодлар меросини асраш, чуқур ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятига етказишга хизмат қилишини таъкидлади.
Халқаро илмий семинарда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қатар олимлари Мовароуннаҳрда шаклланган илмий мактаблар, Қуръон ва ҳадис илмлари, ислом тафаккури ҳамда маданий меросни ўрганиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси, илмий фаолияти, Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, ноёб қўлёзмалари ва буюк мутафаккирлар ҳаётига оид материаллар намойиш этилди.
Қатар Миллий кутубхонаси раиси Ҳамад ал-Каворий тарихий қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш соҳасида икки мамлакат ўртасида тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди.
Сафар давомида Фирдавс Абдухолиқов Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби, Қатар Цивилизациялар иттифоқи қўмитаси раиси доктор Аҳмад бин Ҳасан ал-Ҳаммадий билан ҳам учрашди. Мулоқотда маданий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Доҳадаги мазкур тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро илмий ва академик доираларда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати