Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар мақсад ва орзуларингиз ёзилган кундалигингизни кўрсатсангиз, мен сизга беш йилдан кейин қаерда бўлишингизни ёки нима билан шуғулланишингизни айтиб бера олмайман. Аммо кундалик одатларингизни кўрсатсангиз, беш йилдан кейин қандай инсонга айланишингизни тахмин қила оламан.
Унутманг! Келажак фақат мақсадлар билан қурилмайди. У ҳар куни такрорланадиган кичик одатлар ипидан тўқилади.
Хулоса шуки, агар келажагингизни билмоқчи бўлсангиз, мақсадларингизга эмас, кундалик одатларингизга эътибор беринг.
Ҳар бир инсоннинг ўз мақсадлари бор. Кимдир 10 миллион сўм топишни, кимдир 10 килограмм вазн ташлашни, яна кимдир эса YouTubeда машҳур бўлишни орзу қилади…
Бироқ мақсаднинг ўзи йўлни белгиламайди. Йўлни кундалик одатлар белгилайди. Масалан, 10 килограмм озишни истаган инсон бунга фақат соғлом овқатланиш ва мунтазам машқ қилишни одатга айлантирсагина эриша олади.
Аксарият одамлар эса бир неча кун тартибга амал қиладилар, кейин яна эски одатларига қайтиб кетадилар. Натижада, уларнинг мақсадлари деворга илинган чиройли расмдек қолиб кетади. Чунки мақсад одатга айланмади.
Мақсад қўйиш осон. Аммо одатни шакллантириш сабр, интизом ва меҳнат талаб қилади.
Одат бу – мунтазам такрорланадиган, вақт ўтиши билан инсон табиатининг бир қисмига айланадиган хатти-ҳаракатдир. Шундай даражага етадики, уни деярли ўйламасдан бажарасиз.
Айнан кундалик одатлар одамлар ўртасидаги энг катта фарқни юзага келтиради. Агар одатларингизни яхшиласангиз, мақсадларингизга яқинлашасиз.
Демак, ҳар куни одатларимизни оз бўлса-да, яхшилашга интилишимиз керак. Ана шу кичик, аммо барқарор қадамлар ҳаётимизда катта ўзгаришларни бошлайди.
Биз ҳар куни яхшироқ бўлишни танласак, келажагимиз ҳам шунга яраша гўзал бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Оз бўлса ҳам, давомлиси”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Сизнинг қандай мақсадларингиз бор? Сўнгги кунларда қайси мақсадларингизга эришиш учун ҳаракат қиляпсиз?
Даврон НУРМУҲАММАД