Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Сентябр, 2026   |   27 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:36
Қуёш
05:57
Пешин
12:20
Аср
16:51
Шом
18:47
Хуфтон
20:04
Bismillah
09 Сентябр, 2026, 27 Рабиъул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   14890   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

30.06.2026   21569   5 min.
Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугун – Ёшлар куни.

Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.

Бу неъматларнинг қадрига етинг.

Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.

Аллоҳ таоло айтади: Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз (Бақара сураси, 152-оят).


Азиз ёшлар!

Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.

Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.

Иккинчи томонда нафс чақиради.

Бир томонда ота-онанинг дуоси.

Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.

Бир томонда юртимиз уламолари.

Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.

Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.

Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.


Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).

Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.

Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.

Аммо унутманг...

Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.

Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.

Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.

Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.

Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.

Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.

Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.

Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.

Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.

Жонажон ватанингизни дўст тутинг.

Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.

Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.

Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.

Азиз ёшлар!

Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.

Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.

Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.

Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.

Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири Ёшлигини нимага сарфладинг?”.

Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.

Эй ёшлар!

Сиз бу юртнинг умидисиз.

Ота-онангизнинг қувончисиз.

Устозларингизнинг мевасисиз.

Умматнинг эртанги кунисиз.

Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.

Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.

Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.

Илм билан юксалинг.

Одоб билан безанинг.

Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин, деб дуо қилсин.

Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.

 

Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой туманиРаҳимжон ҳожи отажоме масжиди имом ноиби