Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан «Умра+» дастури орқали Ўзбекистонга келаётган хорижий зиёратчилар учун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси марказига бепул маърифий ташрифлар ташкил этилмоқда. Меҳмонлар муқаддас қадамжоларга йўл олишдан аввал Марказ экспозициялари орқали буюк алломалар мероси, ислом цивилизациясининг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида шаклланган илмий анъаналар билан танишмоқда. Ташкилотчилар келгусида Малайзия ва Индонезиядан ҳам зиёратчиларни жалб этишни режалаштирмоқда, хабар бермоқда iccu.uz.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини тарихий-маданий мерос билан уйғунлаштиришга қаратилган «Умра+» дастури доирасида хорижий меҳмонлар учун янги маърифий имкониятлар яратилмоқда. Дастур орқали мамлакатга ташриф буюраётган зиёратчиларнинг Ислом цивилизацияси маркази билан танишуви уларнинг саёҳат дастурига киритилган.
Ташрифлар давомида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган меҳмонларга Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, буюк муҳаддислар, мутафаккирлар ва қомусий олимларнинг илмий-маънавий мероси ҳақида маълумот берилмоқда.
Марказнинг тарихий экспозициялари орқали зиёратчилар ислом цивилизацияси тараққиётида Мовароуннаҳрнинг тутган ўрни, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларидаги илмий юксалиш, шунингдек, аждодларимизнинг математика, астрономия, тиббиёт, диний илмлар ва бошқа соҳаларга қўшган ҳиссаси билан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Мазкур ёндашув зиёрат сафарларини фақат тарихий қадамжоларни зиёрат қилиш билан чекламасдан, уларнинг илмий ва маънавий аҳамиятини чуқурроқ англашга қаратилган дастурлар билан бойитиш имконини беради.
«Умра+» халқаро туризм ассоциацияси бош директори Нуриймон Абулҳасаннинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси марказига ташкил этилаётган ташрифлар дастурнинг муҳим маърифий йўналишларидан бирига айланган.
Унинг сўзларига кўра, зиёратчилар Марказда тарихий мерос ва буюк алломалар ҳақида кенг қамровли маълумот олиб, кейинги зиёрат манзилларига янада бой билим ва тасаввур билан йўл олмоқда. Айниқса, хорижий меҳмонлар учун Марказга бепул кириш имконияти яратилгани дастур ташкилотчилари томонидан ижобий баҳоланмоқда. Нуриймон Абулҳасаннинг маълум қилишича, «Умра+» дастури доирасидаги ташаббуслар Марказий Осиё мамлакатлари билан чекланиб қолмаслиги режалаштирилмоқда. Ассоциация келгусида Малайзия ва Индонезиядан келадиган зиёратчиларнинг ҳам Ислом цивилизацияси марказига ташрифларини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
Мазкур режалар Ўзбекистонда «Умра+» зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган давлат дастури билан ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги 6-сон қарорига мувофиқ, 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида келувчилар сонини 100 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.
Ҳукумат дастурида халқаро зиёрат йўналишларини кенгайтириш, туроператорларни рағбатлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини хорижий бозорларда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Марказга ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг буюк тарихи, биринчи ва иккинчи Ренессансга асос солган олим-у уламоларимиз ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиб, улар ҳақидаги батафсил маълумотларни ўрганиб, шундан сўнг муқаддас зиёратларга боришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бугунги кунда Қирғизистон, Қозоғистон ва қўшни Тожикистондан келаётган зиёратчиларни айнан мана шу Ислом цивилизацияси марказига олиб келяпмиз. Бу борада Туризм қўмитаси биз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Зиёратчилар учун кўплаб қулайликлар яратилишида бевосита иштирок этмоқда.
Шу муносабат билан, “Умра+” зиёрати орқали Ўзбекистонга келаётган хорижий меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказига бепул кириш имкониятига эга эканидан жуда ҳам хурсандмиз ва мамнунмиз, — деди Нуриймон Абулҳасан.
Унинг таъкидлашича, экспозициялардаги маълумотларнинг кўлами, тарихий жараёнларнинг изчил ёритилиши ва буюк алломалар меросининг яхлит тақдим этилиши хорижий зиёратчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Марказий Осиёдан келаётган зиёратчилар учун йўлга қўйилган ташрифлар ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғлиқ истиқболли режалар эса Ўзбекистоннинг зиёрат туризми йўналишидаги халқаро алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббусларнинг амалий кўринишидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати