Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Нуфузли анжуманда юртимиздаги кўплаб диний-маърифий ва илмий муассасалар, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент ислом институти, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти раҳбарияти, илмий ходимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
Ёт ғояларга қарши соф ақидавий мактаб
Конференцияда бугунги кунда глобал муаммога айланган диний радикализм, такфирчилик ва турли ёт фикрий оқимларга қарши мафкуравий курашда соф Нақшбандия тариқати, Мотуридийлик ақидаси ва Ҳанафийлик мазҳабининг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди.
Маърузачилар ўз чиқишларида ҳақиқий тасаввуф асло боқимондалик ёки дунёдан узилиш эмаслигини қайд этдилар. Аксинча, собиқ совет тузуми даврида инсонларни материалистик ҳаёт тарзига мослаштириш ва диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш мақсадида атайлаб сохта тариқатчилик ғоялари ёйилгани тарихий далиллар ва илмий асослар билан очиб берилди.
Халқаро ҳамкорлик ва илмий мулоқот
Диний-миллий қадриятларимизни тиклаш, халқимизнинг маънавий меросини асраш ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашни мақсад қилган ушбу анжуманда маҳаллий уламолар билан бир қаторда хорижлик нуфузли олимлар ҳам қатнашди. Жумладан, Бухоро давлат университети профессори Айман Усмон Аш-Шурайъий ва Туркиянинг Дижле (Dicle) университети ходими Мустафо Алагўзоғлу (Mustafa Alagözoğlu) ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этиб, Нақшбандия таълимотининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ҳақида сўз юритдилар.
Амалий таклифлар ва истиқболдаги вазифалар
Анжуман якунида бугунги давр талаблари ва ёшлар тарбиясидаги долзарб масалалардан келиб чиққан ҳолда бир қатор муҳим амалий таклифлар илгари сурилди:
Рақамли платформалар яратиш: Соф Нақшбандийлик манбалари, уламоларнинг асарлари ва уларнинг шарҳларини ўз ичига олган махсус рақамли платформалар ҳамда мобил иловаларни ишлаб чиқиш;
Таълим дастурларини бойитиш: Диний таълим муассасаларининг ўқув дастурларига тасаввуф фанларини, хусусан, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутасаввифлар меросини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганишни тизимли киритиш;
«Дил ба ёр» шиорини тарғиб қилиш: Ёшлар ўртасида меҳнатсеварлик, ҳалол касб ва ватанпарварликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Нақшбандия таълимотининг бош ғояси бўлмиш “Даст ба кору дил ба ёр” (Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин) шиори остида яшаб ўтган уламоларнинг ҳаёт йўлини кенг жамоатчиликка етказиш.
Анжуман иштирокчилари бу каби илмий учрашувлар юртимизда дин софлигини асраш ва ёшларни ёт таъсирлардан ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлишини эътироф этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати