Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Салбчилар Искандарияга ҳужум қилган вақтларида гўзал ва мол-мулки кўп бир аёл қочиб қолишга улгурмади. У билан бирга хизматкорлари ва жориялари ҳам бор эди. Шу пайт уларнинг уйига европаликлар қўлларида қиличларини яланғочлаб кириб келишди ва уларнинг бири: “Пуллар қаерда?”, деб сўради. У қўрқиб кетиб турган жойида уй ичидаги сандиқларда эканини айтди ва қўрқувдан қалтирай бошлади. Уларнинг бири: “Қўрқма, сен менинг ҳимоямда бўласан, мол-мулким ва яхшилигим ичра ҳузур-ҳаловатда яшайсан”, деди. Аёл бундан душман уни ёқтириб қолганини англади ва қўрқиб турсада унга чиройли муомала қилиб ҳожатга чиқиб келишга изн сўради. У эса аёл ҳам шуни хоҳлайди деб ўйлади ва унга рухсат берди.
Европаликлар уй ичига кириб сандиқларни талай бошлашди. Аёл эса уй эшигидан чиқиб мешлар тўла қоп-қоронғу омборга кирди ва у ерга яшириниб олди. Европаликлар эса ҳамма жойни талаб охири уни қидиришди, лекин топа олишмади ва жўнаб кетишди. Хизматчилари ва жориялари ҳам бу пайтда яширинишга улгуришган эди. Шундай қилиб уларнинг барчаси асирликка тушишдан қутилиб қолишди. Аёл бундай деди: “Дин ва номус саломатлиги барча нарсадан устун. Мол-дунё эса мана шундай воқеалар учун керак, холос. Чунки фақирлик асирга тушиш ва зулм сабаб динини ўзгартиришдан кўра яхшироқдир”.
Шуъла: Қочиб қутилишингиз мумкин бўлмаган бир ҳақиқатни қабул қилинг: Бу дунёда сиз доимо ўзгартириш имконсиз бўлган ишларга йўлиқасиз, улар билан фақатгина сабр билан муомала қилишингиз мумкин, холос.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан