Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби