Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бугунги ахборотлашган жамиятда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида маълумот алмашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди. Шу билан бирга, турли мазмундаги ёлғон хабарларнинг тарқалиши ҳам кучайди. Айниқса, диний мазмундаги ёлғон хабарлар жамиятнинг маънавий муҳитига, диний бағрикенгликка ва ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Диний мазмундаги ёлғон хабарлар деганда диний манбаларга асоссиз равишда нисбат берилган, бузиб талқин қилинган ёки ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тушунилади. Бундай хабарлар кўпинча Қуръон оятлари, ҳадислар, машҳур уламолар фикрлари ёки диний воқеалар билан боғлиқ ҳолда тарқатилади. Уларнинг асосий мақсади инсонларнинг диний ҳиссиётларига таъсир қилиш, маълум ғояларни тарғиб этиш ёки жамиятда турли қарама-қаршиликларни юзага келтиришдан иборат бўлиши мумкин.
Ёлғон диний ахборотларнинг кенг тарқалишига бир қатор омиллар сабаб бўлади. Аввало, айрим фуқароларнинг диний билимлари ва медиасаводхонлиги етарли даражада шаклланмагани туфайли улар ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қиладилар ва бошқаларга тарқатадилар. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ахборотнинг тезкор тарқалиши ҳам бундай хабарларнинг оммалашишига хизмат қилади. Кўплаб фойдаланувчилар маълумотнинг манбаси ва ишончлилигини текширмасдан уни улашишга мойил бўладилар.
Диний мазмундаги ёлғон хабарларнинг энг салбий оқибатларидан бири жамиятда ишончсизлик муҳитининг шаклланишидир. Асоссиз маълумотлар турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши, диний масалаларда баҳс ва зиддиятларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари заифлашади.
Бундай хабарлар маънавий ҳаётга ҳам жиддий зарар етказади. Диний масалалар бўйича нотўғри маълумотларни мунтазам қабул қилган инсонларда диннинг асл моҳияти ҳақида хато тасаввурлар шаклланади. Бундай ҳолат диний қадриятларнинг нотўғри тушунилишига, айрим ҳолларда эса мутаассиблик ёки бефарқлик кайфиятларининг юзага келишига олиб келади.
Ёлғон диний ахборотлар мафкуравий хавфсизлик учун ҳам муҳим таҳдид ҳисобланади. Айрим радикал гуруҳлар ва экстремистик оқимлар интернет орқали сохта диний маълумотларни тарқатиш орқали ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Улар диний манбаларни контекстдан узиб талқин қилиш ёки сохта маълумотларни ҳақиқат сифатида тақдим этиш орқали ёшлар онгига таъсир кўрсатишга уринадилар. Бундай ҳолатлар жамият барқарорлигига ва фуқаролар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур муаммонинг олдини олиш учун, аввало, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш зарур. Фуқаролар ахборотни танқидий таҳлил қилиш, унинг манбасини текшириш ва ишончли маълумотларни ёлғон хабарлардан ажрата олиш кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Шу билан бирга, диний билимларни фақат ишончли манбалар ва малакали мутахассислардан олиш муҳим аҳамият касб этади. Таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва диний-маърифий ташкилотларнинг ҳамкорлиги бу борадаги самарадорликни янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, диний мазмундаги ёлғон хабарлар замонавий ахборот маконининг жиддий муаммоларидан бири ҳисобланади. Улар жамиятнинг маънавий муҳитига, ижтимоий барқарорлигига ва мафкуравий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро ахборотларни қабул қилиш ва тарқатишда масъулиятли бўлиши, диний масалаларда эса фақат ишончли манбаларга таяниши зарур.
Абдулазиз Абдуваҳидов,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими