Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Аввал хабар берганимиздек, бугун Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўзининг 55 йиллигига бағишланган тадбир ҳамда “Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун домла Ғафуров сўзга чиқиб, анжуман қатнашчиларини мазкур қутлуғ айём билан самимий қутлади ва институтнинг 55 йиллик шонли фаолияти ҳақида нутқ сўзлади.
Сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганларни Тошкент ислом олий маъҳади ташкил этилганининг 55 йиллиги ҳамда анжуман очилиши билан муборакбод этиб, муҳтарам Президентимиз томонидан илм-фан ривожига, хусусан, диний таълимга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари ўз нутқларида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилишида диний таълим муассасаларининг илмий ҳайъатини тузиш таклифи маъқуллангани ҳамда Қозонда бўлиб ўтган халқаро олимпиадада институт талабаси Абдулазиз Одилжонов мутлақ 1-ўринни қўлга киритгани муносабати билан уни магистратурага имтиёзли қабул қилиш хушхабарини эълон қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Давронбек Махсудов эса ўз табрик сўзида мазкур даргоҳнинг ярим асрлик фаолиятини юксак баҳолаб, бугунги кунда етишиб чиқаётган олимлар халқаро миқёсдаги ақидавий ва фиқҳий ихтилофларга асосли раддия бера оладиган даражага етганини эътироф этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Иргаш Даминов сўзга чиқиб, 1971 йилда асос солинган ушбу билим даргоҳининг туб мақсади диний ва замонавий илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш экани ва бугун бу вазифа чиройли адо этилаётганини баён этди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров эса ушбу даргоҳ нафақат Ўзбекистон, балки бутун собиқ Иттифоқ ҳудудида ҳам ўзига хос мактаб яратганини таъкидлаб, унинг 55 йиллик фаолиятининг тарихий аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, "Муфтий Бобохонлар" жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ҳам сўзга чиқиб, институтнинг босиб ўтган йўлини эътироф этди. У ўз нутқида мазкур даргоҳнинг дастлабки камтарона шароитларидан тортиб бугунги кунгача эришган ютуқларини ёдга олиб, жамғарма ва институт ўртасидаги изчил ҳамкорликни, хусусан, "Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон" стипендияси таъсис этилгани ва янги ўқув хонаси жиҳозланганини маълум қилди.
Тадбир доирасида "Тошкент ислом институтининг 55 йиллик шонли йўли" мавзусида ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари — устозлар ва талабалар тантанали равишда тақдирланди.
Қозон шаҳрида 20 та давлатнинг 32 та таълим муассасаси иштирокида ўтказилган ислом илмлари ва араб тили бўйича халқаро олимпиадада Тошкент ислом институти талабалари юқори натижаларни қўлга киритди. Жумладан, 4-босқич талабаси Абдулазиз Одилжонов «Ислом ҳуқуқи — ҳанафий мазҳаби» йўналишида биринчи ўринни, 2-босқич талабалари Абдуллоҳ Ғофуров ва Миржалол Абдусалимов эса мос равишда «Араб тили» ҳамда «Дин асослари» йўналишларида учинчи ўринни эгаллади.
Ушбу ютуқлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан Абдулазиз Одилжоновга магистратурага имтиёзли қабул қилиниш таклифи ҳамда 20 БҲМ миқдорида пул мукофоти берилди. Шунингдек, учинчи ўрин соҳибларининг ҳар бирига 10 БҲМ миқдоридаги пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир сўнгида кўп йиллик хизматлари ва устозларнинг эзгу дуолари ижобати сифатида юртимиз тинчлиги ва диний таълим ривожи йўлида хатми Қуръонлар ва дуойи хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
ISHONCHLI VA RASMIY MANBA OBUNA BO'LING
YouTube | Instagram | Facebook