Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Аллоҳ таоло умматни бирлик, меҳр-оқибат ва биродарлик асосида яшашга буюрган. Бироқ тарих давомида мусулмонларнинг сафини бузиш, улар орасига адоват ва низо уруғини сочишга уринган кимсалар ҳамиша топилган. Шунинг учун ҳар бир мўмин фитнанинг хавфини англаб, унинг домига тушиб қолмаслик учун доимо ҳушёр бўлиши лозим.
Авс ва Хазраж воқеаси — фитнанинг аччиқ сабоғи
Мадина аҳлидан бўлган Авс ва Хазраж қабилалари Исломдан олдин узоқ йиллар давомида ўзаро адоват ва қирғинбарот жангларда яшар эдилар. Айниқса, “Буос” кунида содир бўлган қаттиқ жанг икки томоннинг қалбида оғир из қолдирган эди. Аллоҳ таоло уларни Ислом неъмати билан шарафлаб, қалбларини бирлаштирди. Кечаги душманлар бугун бир-бирининг жонидан азиз биродарларга айландилар. Аммо мусулмонларнинг бу аҳиллигини кўра олмаган баъзи душманлар улар орасига фитна солишни мақсад қилдилар.
Бир куни улар Авс ва Хазраж вакилларига “Буос” кунидаги воқеаларни, жангдаги қаҳрамонлик ва фахрланишга арзийдиган ҳолатларни эслата бошладилар. Аввалига оддий суҳбат бўлиб кўринган бу гаплар аста-секин баҳсга, баҳс эса жанжалга айланди. Ҳатто икки қабила яна қурол кўтариб, ўзаро жанг қилиш даражасигача етиб борди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот саҳобалари билан дарҳол уларнинг олдига бордилар ва шундай дедилар:
"Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Мен ҳали орангизда бўла туриб, сизлар жоҳилият даъволарига чақириласизларми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоят қилганидан, унинг сабабидан сизларни азиз қилганидан, жоҳилият ишларидан қутқарганидан ва қалбларингизни бир-бирига улфат қилганидан кейин яна шу ҳолатгами қайтмоқчисизлар?!".
Шунда улар ўзларига келиб, душман макрига алданганларини англадилар. Икки томон йиғлаб, бир-бирини қучоқлаб, кечирим сўрадилар ва фитна ўчоғи сўнди. Бу воқеа Ислом тарихида мусулмонларнинг душман фитналарига қанчалик тез алданиб қолишлари мумкинлигини, аммо Қуръон ва Суннатга қайтиш орқали ҳар қандай низони бартараф этиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Қуръоннинг бирликка чақируви
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам ёпишингиз ва бўлиниб кетмангиз. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: бир вақтлар бир-бирингизга душман эдингиз, У зот қалбларингизни улфат қилди ва Унинг неъмати билан биродарларга айландингиз» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Яна бир оятда: «Фитна қатлдан ҳам оғирроқдир» (Бақара сураси, 191-оят).
Ушбу оятлар мусулмонлар ўртасидаги бирликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ва фитнанинг эса жамият учун ҳалокатли офат эканини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантиришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин мўминнинг биродари. Унга зулм қилмайди ва уни душманга ташлаб қўймайди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда: "Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз ўгирмангиз, бир-бирингизга адоват қилмангиз. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлингизлар" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида бундай дедилар: "Фитналар қоронғи тун парчалари каби келади" (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис мўминни ҳар қандай шубҳали чақириқлар, адоват уруғини сочувчи гаплар ва мусулмонларни бўлишга қаратилган ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Хулоса
Бугунги кунда ҳам турли ижтимоий тармоқлар, асоссиз хабарлар, ғийбат ва бўҳтонлар орқали мусулмонлар орасига фитна солишга уринишлар учраб туради. Шунинг учун ҳар бир мўмин эшитган ҳар бир хабарни текшириши, ҳиссиётга берилмаслиги ва уммат бирлигини сақлашни ўзининг муҳим вазифаси деб билиши керак.
Авс ва Хазраж воқеаси бизга бир ҳақиқатни ўргатади: мусулмоннинг ҳақиқий кучи унинг қуролида эмас, балки бирлигидадир. Қалблар бирлашган жойда Аллоҳнинг раҳмати бўлади, фитна ва адоват ҳукмрон бўлган жойда эса барака кўтарилади. Аллоҳ таоло барчамизни фитналарнинг ошкораси ва махфийсидан асрасин, қалбларимизни биродарлик ва муҳаббат билан мустаҳкамласин.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби