Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2026   |   29 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2026, 29 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19687   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Сайёр қабул, меҳр-оқибат ва амалий кўмак – Хоразмдаги файзли лаҳзалар

27.10.2026   71198   2 min.
Сайёр қабул, меҳр-оқибат ва амалий кўмак – Хоразмдаги файзли лаҳзалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг бевосита халқ ичига кириб бориб ўтказаётган самимий мулоқотлари кўплаб муаммолар ечимига асос бўлмоқда. Хусусан, Хоразм сафари давомида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни сайёр қабул қилиб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммолари ва мурожаатларини жойида ҳал этиш чораларини кўрдилар.

Жумладан, Урганч тумани “Тандирчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Дурдипошша Юсупованинг хонадони томини ёпиш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилиб, оилага тез фурсатда амалий кўмак кўрсатиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Сафар чоғида  раис ўринбосарлари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатибларининг Хоразм вилоятидаги ҳудудлардаги аҳоли билан яқиндан мулоқотлари амалга оширилди. Шунингдек, улар ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги масжидларга йўл олиб, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги ишлари ва масжидларни бошқаришдаги фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур жараёнда имомларнинг халқ билан мулоқотлари, маърифий суҳбатлари, масжидларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, тозалик ва озодалик, ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳамда ҳужжатлар юритиш каби муҳим масалалар эътибор марказида бўлди. Ўрганишлар натижасида масжидлар жамоаларининг ишига ижобий баҳо берилиб, молиявий шаффофликни таъминлаш ва муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш бўйича муҳим ва амалий тавсиялар берилди.

Хизмат сафарининг эътиборли жиҳатларидан бири бош имом-хатиблар вилоятнинг 13 та туман ва шаҳридаги 70 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир беморлари бор ва эътиборга ташна оилалар хонадонида бўлди. Кўнгил сўраш баробарида уларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг совғалари улашилди.

Шунингдек, Урганч шаҳридаги “Ғамхўрлик” интернат уйида бўлиб, жисмоний имконияти чекланган болажонлар ҳолидан хабар олинди. Уларга ширин сўзлар ва меҳрли далдалар билдирилиб, муассасага 2 та совутгич ҳамда турли ҳадялар тақдим этилди.

Кўрсатилган эътибор ва амалий кўмакдан кўнгли тоғдек кўтарилган ҳамюртларимиз бу хайрли ишлардан мамнун бўлиб, юртимиз тинчлиги ҳамда мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари