Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бугун, 27 октябрь куни Урганч шаҳридаги Хоразм вилояти вакиллигининг янги биносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида республика имом-хатибларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Илмий-амалий семинарда сўзга чиққан Муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларга алоҳида тўхталдилар.
Хусусан, яқиндагина очилган муҳташам Имом Мотуридий мажмуаси, сўнгги йилларда бунёд этилган кўркам масжидлар, имом-хатибларнинг тобора юксалиб бораётган илмий салоҳияти ҳамда диний соҳа ходимларининг хайрия тадбирларидаги фаоллиги аниқ рақамлар ва таъсирчан ҳаётий мисоллар асосида айтиб ўтилди.
Шунингдек, Хоразм вилояти имом-домлалари ва отинойиларининг фаолиятига алоҳида тўхталиб, жамоат учун ҳар куни фидойилик қилиб келаётган имом домлалар намуна қилиб кўрсатилди.
Юртимиз бош имомлари иштирокидаги семинарда диний соҳа ходимлари учун янги хушхабарлар ва ташаббуслар эълон қилинди: 2027 йилдан бошлаб тизимда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларни манзилли рағбатлантириш мақсадида фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) олганлар ва оилавий ажримларнинг олдини олишда фаоллик кўрсатганларга катта мукофотлар берилиши белгиланди.
Йиғилиш давомида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ҳамда вилоятлар бош имом-хатибларининг жойларда амалга оширилаётган ишлар ва янгича ёндашувлар бўйича ахборотлари тингланди.
Мазкур илмий-амалий анжуман соҳа вакилларининг касб-маҳоратини юксалтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва фаолиятга замонавий технологияларни жорий этишда улкан аҳамият касб этди. Семинар давомида белгилаб олинган устувор вазифалар ва эзгу мақсадлар барча иштирокчиларни хайрли амаллар сари руҳлантирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати