Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Сентябр, 2026   |   16 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:57
Қуёш
06:15
Пешин
12:14
Аср
16:25
Шом
18:16
Хуфтон
19:31
Bismillah
27 Сентябр, 2026, 16 Рабиъус сони, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   15985   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Оилавий бирдамлик истаган оталарга насиҳат

10.06.2026   16691   1 min.
Оилавий бирдамлик истаган оталарга насиҳат

Ҳурматли оталар! Агар оилангизда бирдамлик, ўзаро ҳурмат-эътибор, меҳр-муҳаббат бўлишини истасангиз, ўз қарашларингизни аёлингиз ва фарзандларингизга мажбурлаб сингдиришга уринманг. Хато қилсангиз уларнинг олдида тан ола билинг.

“Бу уйда менинг айтганим бўлади”, дея қайсарлик қилиб туриб олманг! Аҳлингизни бирор фойдали ишга чорлар, буюрар экансиз, уларга ҳалимлик ва сабр билан  муомала қилинг. Унутманг, ҳамма бирдай фикрлаб, тушуниб, идрок этиб кетавермайди. “Нега мен тушунган нарсани булар англамайди?” дея хуноб бўлманг. Ётиғи билан англатинг. Усул ва йўл қидиришдан тўхтаманг.

Уйингиздан ташқарида дуч келган ғам-ташвишларингиз оилангизга сизиб кириб, ички муаммоларингиз билан қўшилиб-катталашишига йўл қўйманг! Ўз ҳаётингизни дўстингиз ё яқинингизнинг ҳаётига таққослаб, уни ўзингиздан кўра бахтлироқ деб ўйламанг. Ҳамма нарса кўрингани каби бўлавермайди.

Аксинча, ҳаётингизни сиз ҳали дуч келмаган қийинчилик ва машаққатларни бошдан ўтказаётган кишиларнинг ҳаёти билан қиёсланг! Шунда сиз муаммо деб ўйлаган баъзи нарсалар аслида ундай эмаслигини кўра бошлайсиз. Сиз ҳам бир хатокор бандасиз. Ўзингизга шу назар билан қаранг. Ҳаммаси изига туша бошлайди. Фарзандларингиз ҳақига кўп-кўп дуо қилинг...


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Оқшом гўзалликлари" китобидан
Абдуссамиъ Хайруллоҳ, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси