Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Самарқанд — асрлар давомида ислом маърифати ва тамаддунининг нурли маркази бўлиб келаётган, буюк алломалару авлиёлар етишиб чиққан муқаддас ва табаррук заминдир. Бу қутлуғ диёрдан таралган илм зиёси нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламини маънавий бойитиб келмоқда. Имомлар, муҳаддислар, муфассирлар ва мутакаллимлар мероси билан донг таратган Самарқанд бугун ҳам бағрикенглик, маърифат ва муқаддас қадриятлар маскани сифатида юксак эътироф этилмоқда.
Бугун Самарқанд заминида муқаддас зиёратгоҳлар янада обод қиёфа касб этмоқда, масжид ва мажмуаларда халқимиз учун кенг қулайликлар яратилмоқда. Айниқса, жорий 2026 йилги Қурбон ҳайити юртимизда мисли кўрилмаган шукроналик, ҳамжиҳатлик ва юксак маънавий муҳит ила қарши олинмоқда.
Жорий йилда Қурбон ҳайити 27 май — Чоршанба куни нишонланади. Самарқанд вилоятидаги барча масжидларда ҳайит намозларини муносиб тарзда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилди:
287 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилади;
Ҳайит намози соат 05:30 да бошланади;
Намоздан аввал масжидларда тинчлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, инсон қадри ва юрт осойишталиги ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилади.
Вилоят маркази ҳамда барча туманлардаги йирик масжидларда намозхонларнинг хавфсизлиги ва эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаган.
Муборак Қурбон ҳайити намози Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам катта кўтаринкилик ва файзу барака ила адо қилинади. Эрта тонгдан ушбу табаррук масканда Қуръон тиловатлари, такбир ва таҳлил садолари янграб, намозхонлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда дунё мусулмонларининг ҳамжиҳатлиги учун самимий дуолар қиладилар.
Ҳаж ибодати — мусулмонлар учун энг улуғ орзу ва муқаддас сафардир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳтарам жаноби олийларининг бевосита эътибор ва ғамхўрликлари туфайли жорий мавсум юқори даражада ташкил этилди:
Самарқанд вилоятидан 940 нафарга яқин зиёратчи Макка ва Мадинага сафар қилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимиздан 100 нафар фуқаро "Президент ҳожиси" сифатида муборак сафарга юборилди. Бу эзгу қадам Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ва меҳр-оқибат тамойиллари устувор эканининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ҳар бир ҳожи учун тиббий хизмат, дори-дармон, шинам яшаш жойи, овқатланиш ва транспорт логистикаси тўлиқ ташкил этилиб, малакали гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар уларга хизмат кўрсатмоқда.
Тарихий воқеа: Жорий йилги Ҳаж мавсумининг барча ҳожиларимиз қалбида чуқур из қолдирган унутилмас воқеаси — Давлатимиз раҳбарининг муборак заминда бўлиб турган зиёратчиларимиз ҳолидан шахсан телефон орқали хабар олганлари бўлди. Юртбошимиз Муфтий ҳазратлари билан мулоқотда ҳожиларнинг саломатлиги билан қизиқиб, уларга ўзларининг самимий дуо ва эзгу тилакларини йўлладилар. Бу юксак эътибор Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч ва шукроналик бағишлади.
Қурбонлик — Аллоҳ таолога бўлган тақво, итоат ва шукроналикнинг амалий ифодасидир. Вилоятимиздаги имом-хатиблар томонидан аҳолига қурбонлик қоидалари бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шариатимиз кўрсатмаларига кўра:
Вақти: Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланиб, зулҳижжанинг 10, 11 ва 12-кунлари кун ботгунга қадар амалга оширилади;
Шериклик: Қўй ва эчки бир киши номидан, сигир ва туя эса 7 кишигача шериклик асосида сўйилиши мумкин;
Ҳайвоннинг ҳолати: Қурбонлик қилинадиган ҳайвон соғлом, кўзга кўринарли айблардан холи ва етук ёшда бўлиши лозим;
Тарқатиш: Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини оилага сақлаш, иккинчи қисмини қариндош-уруғларга, учинчи қисмини эса муҳтож ва кам таъминланган оилаларга тарқатиш мустаҳаб (савобли) амалдир.
Азиз юртдошлар!
Масжидларимиздаги файзли муҳит, зиёратгоҳлардаги ободончилик ишлари, ҳожиларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат — буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланаётганининг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, халқимиз бирдамлигини янада мустаҳкамласин. Қурбон ҳайити барчамиз учун хайр-барака, маънавий юксалиш ва эзгуликлар байрами бўлсин. Барчангизни яқинлашиб келаётган муборак айём билан самимий муборакбод этаман!
Аҳмадхон домла Алимов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби