Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бугунги кунда намозхонлар орасида ишории саббоба қандай амал ва унинг қачон қилиш керак деган саволлар кўп эштилмоқда. Ҳанафий мазҳабимизда ишораи саббоба суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча хадису шарифлар ворид бўлиб қуйдаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилинишлиги борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддин Косоний “Бадоиус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур риоя”, “Эълоус-сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора қилардилар чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеинлар, амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар.
Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибр Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.
Ибни Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги ишораи саббоба ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.
Ишораи саббоба қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва имом Муҳамммад, имом Молик, имом Шофиий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар ишораи саббоба суннат эканига иттифоқ қилишган.
Ишораи саббоба дегани ташаҳҳуддаги “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу” деган иборани ўқиган пайтда “Лаа илаҳа” деган жойида ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини юқорига кўтаришга айтилади. Бу масалада фуқаҳолар ихтилоф қилишган. Кўпчилик уламолар бу амални суннат дейишган.
Шунга кўра, бу масалада ихтилоф қилмасдан ҳар бир намозхон ўзининг устози ўргатганидек намоз ўқиб, ишораи саббоба қилганларни ёки қилмаганларни танқид остига олмаслиги лозимдир.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (ташаҳҳудда) дуо қилсалар (кўрсатгич) бармоқлари билан ишора қилар ва уни ҳарактлантирмас эдилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадисиниг санадини Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деганлар. Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Ҳадисдаги “дуо қилсалар”дан мурод ташаҳҳуд дуосини ўқисалар, деганидир. Чунки ташаҳҳуд ўз ичига дуони ҳам қамраб олгани сабабли, уни дуо дейиш мумкин” (“Мирқотул мафотийҳ” китоби 3-жуз, 454 бет).
Бу ҳадиси шариф бармоқни фақатгина бир марта кўтариб, ишорада бармоқни қимирлатмаслик кераклигига очиқ-ойдин далолат қилмоқда. Қолаверса, намозда бармоқни қимирлатиш беҳуда иш бўлиб, намозда беҳуда иш қилиш макруҳдир.
Бу масалада ҳанафий мазҳабидаги кейинги уламоларимиз “Ҳар кимнинг устози ишораи саббобани қилишни ўргатган бўлса,қилсин, акс ҳолда уни қилмасин. Муҳими ихтилофга сабаб бўлмасин”, деб тавсия қилганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ишораи саббобани ташаххудга ўтирганда, ташаххуд дуосини ўқиб “Ашҳаду аллаа” деганда ўнг қўлни кўрсат бармоғини кўтарилади, “иллаллоҳ” деганда туширилади. Ташаххуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туришлик дуруст эмас. Шуни таъкидлаш лозимки ишораи саббоба ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.
Юнусхон УМАРОВ,
Косонсой туман “Садпири Комил” жоме масжиди имом-хатиби