Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай деган: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида бундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида бундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”.
Имом Самҳудий сўзларини давомида бундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:
“Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккада ва Мадинада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.
Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқелигини изоҳлаб бундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини ҳудди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутсада, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуд.
Абдулатиф Отажанов,
Янгиқўрғон тумани “Ат-Термизий” жоме масжиди имом-хатиби.