Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
5-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан кейин: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ” (Имом Бухорий ривояти), деганлар.
Жиҳод эса ҳар бир шахснинг ўзбошимчалик билан амалга оширадиган иши эмас. Аҳли сунна уламоларига кўра, жиҳод давлат раҳбарлиги ва умумий маслахат асосида бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ﴾
“Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят).
Саҳобалар ҳаётини бугунги ноқонуний қуролли гуруҳлар билан қиёслаш – нотўғри қиёс бўлиб, ёшларни зўравонликка ундайди.
Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Фокиҳий “Макка хабарлари” асарида ёзишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғрилашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига олиб борилганида, у ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи экани билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг ишини қоралаб, Маккага қайтиб, ўз шаҳрида муқим яшашга буюриб: “Ҳижрат тўхтатилди!” дея таъкидлайдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб беради (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳижрат – динига, молига ва жонига жиддий хавф бўлган вақтда ўз яшаб турган жойидан бошқа бир манзилга кўчишдир. Ҳижратнинг ҳукми эса, ҳар замонда, ҳар маконда, ҳаммага бир хил мақомда бўлмайди. Чунки, ҳижратнинг ҳукми ўзгариб туради. Ҳижратнинг омматан ёки хоссатан фарз бўлишини эса, юртда фатво чиқаришга масъул бўлган муфтий белгилайди.
Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб, яъни тарғиб қилинган амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлди. Иш яна мандубликка қайтди.
Демак, фарз ҳижрат тугатилиб, мандуб ҳижрат қолган. Ўз мазмунига кўра ҳижратнинг Қиёмат кунигача давом этишини ифода этувчи ҳадисларда ана шу мандублик назарда тутилган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеъийлардан Хаттобийнинг қарашларидир. Бизнинг ҳанафий уламолари мана шу фикрни таъкидлайдилар (Ал-Хаттобий “Маъолимус-сунан, Имом Сарахсий “Мабсут”, Косоний “Бадоиъус-саноеъ”, Ибн Обидин “Раддул муҳтор”, Алий Қори “Мирқотул мафотиҳ”).
Бу ерда шуни эслатиб ўтамизки, ҳижрат деганда доим “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш тушунилади. Демак, мазкур имомларимиз “Куфр диёри”дан “Ислом диёрлари”га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари «Ислом диёри»дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас.
Агар киши ўзбошимчалик билан яшаб турган жойидаги айрим камчиликлар сабабли юртини тарк қиладиган бўлса, бу йўлда дуч келган қийинчиликлари учун савоб олмайди. Балки, жонини, саломатлигини ҳамда оила аъзоларини ҳаётини хавф ва машаққатга қўйгани учун маъломат қилинади.
Аслида, бугунги кунда мусулмон инсон учун энг хавфсиз жой бу ўзининг ватанидир. Ўз ватанидан кўра жон, мол ва эътиқод муҳофазаси мукаммалроқ бошқа жойлар борлиги аниқ эмас.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси