Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Тартиб-интизомли бўлиш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш – динимиз талаби. Зотан, тартиб бўлган жойда унум ва барака бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Тошкент шаҳар вакиллиги Ишчи гуруҳи аъзолари пойтахтимизнинг Учтепа туманида ташкил этилган амалий семинарда иштирок этди.
«Ҳазрат Билол» жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов билан биргаликдаги тумандаги 21 та масжидда ҳужжатларни юритиш ҳолати, масжидларнинг тоза-озодалиги, намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳолати ўрганилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир масжид маъмуриятига мазкур масалаларда кўмаклашди, зарур тавсиялар, йўл-йўриқлар беришди.
Худди шундай тадбир Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам ўтказилди.
Тадбирлар шаҳримизнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати