Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2026   |   29 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2026, 29 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19615   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Покистон зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

22.10.2026   146679   2 min.
Ўзбекистон ва Покистон зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари, Туризм қўмитаси вакиллари ва мамлакатимизнинг Покистондаги зиёрат туризми элчиси Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий ва тарихий мероси, муқаддас қадамжолари ҳамда зиёрат туризми имкониятларини Покистонда кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги улкан салоҳиятини Покистон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш, покистонлик сайёҳлар ва зиёратчиларнинг юртимиздаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар ва диққатга сазовор туристик масканлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ўзбекистон асрлар давомида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилиб келган, – деди Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман. – Мамлакатингиз ҳудудида жойлашган буюк алломалар, азиз-авлиёлар ва ислом оламида юксак ҳурматга сазовор мутафаккирлар номи билан боғлиқ қадамжолар хорижлик зиёратчилар, шу жумладан покистонликлар учун катта маънавий ва тарихий аҳамиятга эга. Айниқса, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг бой диний-маърифий мероси Ўзбекистоннинг халқаро зиёрат туризмидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади.

Учрашувда Покистон уламолари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур ташриф икки мамлакат диний-маърифий доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистон зиёрат туризми имкониятларини Покистонда янада кенг танитишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ташриф доирасида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиш, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига  сафарларни ташкил қилиш бўйича келгусидаги режалар кўриб чиқилди.

Покистон томони Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва ғояси асосида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ва қайта реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуасини покистонлик уламолар кўришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур ноёб мажмуалар тўғрисидаги махсус видеоматериалларни тайёрлаш ва уларни Покистонда тарқатишга қизиш билдирилди. 

Таъкидланишича, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, халқларимиз ўртасидаги маънавий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрувчи покистонлик зиёратчилар оқимини оширишга хизмат қилади.

Бўлиб ўтган онлайн учрашув якунида иштирокчилар ушбу йўналишдаги мулоқотни дипломатик каналлар орқали давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари