Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Эй, менга етган шиддатли ғамлар,
Кетинг, келмоқда тонг отар дамлар.
Ҳашамат, дабдаба ва исроф билан яшаётганлар ҳаётига ҳавас қилманг, чунки уларнинг воқеликлари жуда аянчли ва хурсанд бўладиган эмас. Улар мақсадлари нафслари ва шаҳватлари учун исроф қилиш бўлган, бор кучларини роҳатланиш учун сарфлайдиган, ҳалол ёки ҳаромлигига қизиқиб ҳам ўтирмай лаззатланишга интиладиган инсонлардир. Улар бахт-саодат ичида эмас, балки ғам-ташвиш ичидалар. Чунки Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетган ва У зотга осийлик қилиб юрган инсонлар ҳеч қачон бахтни топа олмайди.
Исрофгар ва дабдабавоз инсонлар бахт-саодат ичида деб асло ўйламанг. Баъзи камбағал, оддий ҳаёт ичида яшаётган инсонлар қасрларда ипак матоларга бурканиб яшаётганлардан кўра бахтли бўлади. Чунки фақир бўлсада ибодатли ва солиҳа мўмина аёл осий аёлдан кўра бахтлироқдир.
Шуъла: Бахт-саодат ўзингизга боғлиқ, шунинг учун бор ҳаракатингизни, ўзингизни тўғирлашга қаратинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан