Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр – Ўзбек тили кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш ҳақидаги қонунни имзолади, хабар бермоқда kun.uz.
Қонун қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:
Тутуқ белгиси алифбода сақланиб қолди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу ўзгаришни қуйидагича изоҳлади:
“Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар.
Бу йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлаётган ва охири кўринмаётган масала эди. 2023 йил 11 декабрда жадидлар меросига бағишланган конференциядаги нутқимда алифбони тузатиш ташаббусини илгари сурган ҳолда, мазкур баҳсларга нуқта қўйиш вақти келганини айтган эдим.
Албатта, ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий. Лекин, ишонинг, ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам бериш ва тилимизнинг рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бошқа йўл йўқ эди.
Энди ҳамма ҳужжатлар янгидан қилинадими? Йўқ, асло! Биз харажатларни энг минимал даражага тушириш йўлини танладик: амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади, дарслик, пешлавҳа ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади.
Ушбу қонуннинг 21 октябр куни қабул қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Тузатилган алифбомиз маърифатпарвар аждодларимиз орзуси, ёшларимиз саводхонлиги ва тилимиз мавқеини юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман.
Барчангизни Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман!”
Қонун расман эълон қилинганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати