Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадислар (Таҳорат)

9.02.2017   12407   11 min.
Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадислар (Таҳорат)

عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا توضأ العبد المسلم أو المؤمن فغسل وجهه خرجت من وجهه كل خطيئة نظر إليها بعينيه مع الماء أو مع آخر قطر الماء أو نحو هذا وإذا غسل يديه خرجت من يديه كل خطيئة بطشتها يداه مع الماء أو مع آخر قطر الماء حتى يخرج نقيا من الذنوب. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ (с.а.в.): "Мусулмон банда ёки мўмин банда таҳорат олиб, юзини ювса, икки кўзи билан қилган барча хатолари (гуноҳлари) сув билан чиқиб кетади ёки сувнинг охирги қатраси (томчиси) билан чиқиб кетади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша икки қўли билан қилган барча хатолари (гуноҳлари) сув билан чиқиб кетади ёки охирги қатра (томчи) сув билан чиқиб кетади. Шундай қилиб, (банда) гуноҳлардан пок  ҳолда чиқади", дедилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن علي عن النبي صلى الله عليه وسلم قال مفتاح الصلاة الطهور وتحريمها التكبير وتحليلها التسليم. رواه الترمذي

Али (р.а)дан ривоят қилинади. «Набий (с.а.в): "Таҳорат намознинг калитидир. (Намознинг) таҳримаси (бошланиши) такбирдир (яъни, «Аллоҳу акбар» деган калима) таҳлили (тугатилиши) таслим (салом беришдир)», дедилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن مجاهد عن جابر بن عبد الله رضى الله تعالى عنهما قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم مفتاح الجنة الصلاة ومفتاح الصلاة الوضوء. رواه الترمذي

Жобир ибн  Абдуллоҳ розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  «(Намоз жаннатнинг калитидир) таҳорат намознинг калитидир», дедилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

حدثنا وكيع عن شعبة عن عبد العزيز بن صهيب عن أنس بن مالك قال كان النبي صلى الله عليه وسلم إذا دخل الخلاء قال اللهم إني أعوذ بك قال شعبة وقد قال مرة أخرى أعوذ بك من الخبث والخبيث أو الخبث والخبائث. رواه الترمذي

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирсалар, «Аллоҳим, мен сендан эркагу аёл шайтонлардан (ёмонликлардан ва ёмонлардан) паноҳ сўрайман», деб айтардилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس بن مالك أن النبي صلى الله عليه وسلم كان إذا دخل الخلاء قال اللهم إني أعوذ بك من الخبث والخبائث قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح. رواه الترمذي

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирсалар, «Аллоҳим, мен сендан эркагу аёл шайтонлардан (ёмонликлардан ва ёмонлардан) паноҳ сўрайман», деб айтардилар. Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عائشة رضى الله تعالى عنها قالت كان النبي صلى الله عليه وسلم إذا خرج من الخلاء قال غفرانك. رواه الترمذي

Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатдан чиқсалар, «ғуфронака» («Гуноҳларимни мағфират қилгин») деб айтардилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

حدثنا أبو كريب حدثنا عبدة بن سليمان عن محمد بن عمرو عن أبي سلمة عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لولا أن أشق على أمتي لأمرتهم بالسواك عند كل صلاة. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, айтди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим: уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган бўлар эдим». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أبي سلمة عن زيد بن خالد الجهني قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول لولا أن أشق على أمتي لأمرتهم بالسواك عند كل صلاة ولأخرت صلاة العشاء إلى ثلث الليل قال فكان زيد بن خالد يشهد الصلوات في المسجد وسواكه على أذنه موضع القلم من أذن الكاتب لا يقوم إلى الصلاة إلا استن ثم رده إلى موضعه قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح. رواه الترمذي

Зайд ибн Холид Ал-Жуҳанийдан ривоят қилинади; деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим, уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган ва хуфтон намозини кечанинг учдан бирига таъхир этган (кечиктирган) бўлар эдим». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا استيقظ أحدكم من الليل فلا يدخل يده في الإناء حتى يفرغ عليها مرتين أو ثلاثا فإنه لا يدري أين باتت يده وفي الباب عن بن عمر وجابر وعائشة. رواه الترمذي

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки, «Агар сизлардан бирор киши тунги уйқудан уйғонса, қўлини икки марта ёки уч марта сув тўкиб ювмасдан туриб сув идишига ботирмасин, чунки у қўли қаерда тунаганини билмайди». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن رباح بن عبد الرحمن بن أبي سفيان بن حويطب عن جدته عن أبيها قالت سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله عليه. رواه الترمذي

Рабоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Суфён ибн Ҳувайтиб (розияллоҳу анҳу) момоси орқали бобокалонидан (момосининг отасидан) ривоят килади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки, «Таҳоратда Аллоҳнинг исмини айтмаган («бисмиллоҳ» деб бошламаган) кишининг таҳорати йўқ». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن سلمة بن قيس قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا توضأت فانتثر وإذا استجمرت فأوتر. رواه الترمذي

Салама ибн Қайс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар таҳорат олсанг, бурнингни (сув олиб) мишир, агар (қазои ҳожат этиб) истинжо қилсанг, кесакии (ёки тошни) тоқ ишлат» (яъни учта ёки бешта). Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن زيد قال رأيت النبي صلى الله عليه وسلم مضمض واستنشق من كف واحد فعل ذلك ثلاث. رواه الترمذي ا

Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, оғиз ва бурунларини бир ҳовуч сув билан чайқадилар ва буни уч марта (такрор) қилдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن محمد بن عقيل عن الربيع بنت معوذ بن عفراء أنها رأت النبي صلى الله عليه وسلم يتوضأ قالت مسح رأسه ومسح ما أقبل منه وما أدبر وصدغيه وأذنيه مرة واحدة. رواه الترمذي

Муъаввиз ибн Афро қизи Ар-Рубаййиъ (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: У Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни таҳорат олаётганларида кўрди: дейдики, «Бошларига масҳ тортдилар, бошларининг олди ва орқасига, икки чаккаларига ва қулоқларига (бирданига) бир марта масҳ тортдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن عبد الله بن زيد أن رسول الله صلى الله عليه وسلم مسح رأسه بيديه فأقبل بهما وأدبر بدأ بمقدم رأسه ثم ذهب بهما إلى قفاه ثم ردهما حتى رجع إلى المكان الذي بدأ منه ثم غسل رجليه. رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига икки қўллари билан масҳ тортдилар: қўлларини олдинга ва орқага юргиздилар: (аввал) пешоналаридан бошладилар, кейин энсаларигача суриб бордилар, кейин яна то бошлаган жойларигача қайтариб келдилар, ундан кейин оёқларини ювдилар». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يتوضأ لكل صلاة طاهرا أو غير طاهر قال قلت لأنس فكيف كنتم تصنعون أنتم قال كنا نتوضأ وضوءا واحدا. رواه الترمذي

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун таҳорат олар эдилар, хоҳ таҳоратли бўлсинлар, ҳоҳ таҳоратли бўлмасинлар». (Хумайд айтади): «Анасга дедимки, «Сизлар қандай қилар эдингизлар?» (Анас) деди: «Бизлар битта таҳорат олар эдик (таҳоратли бўлганда қайта таҳорат олмоқни лозим кўрмас эдик)». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عن أنس أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يتوضأ لكل صلاة طاهرا أو غير طاهر قال قلت لأنس فكيف كنتم تصنعون أنتم قال كنا نتوضأ وضوءا واحدا. رواه الترمذي

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади; Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳорат устига таҳорат олган кишига Аллоҳ бу туфайли ўн ҳасана (савоб) ёзгайдир». Имом Термизий ривояти.

*   *   *

عمرو بن عامر الأنصاري قال سمعت أنس بن مالك يقول كان النبي صلى الله عليه وسلم يتوضأ عند كل صلاة قلت فأنتم ما كنتم تصنعون قال كنا نصلي الصلوات كلها بوضوء واحد ما لم نحدث. رواه الترمذي

Амр ибн Омир Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади; у айтди: Анас ибн Моликдан эшитдим, у дедики, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоз олдидан таҳорат олар эдилар». (Анасдан): «Сизлар нима қилар эдингизлар?» деб сўрадим. (Анас) деди: «Биз то таҳоратимиз бузилмагунча, ҳамма намозларни битта таҳорат билан ўқийверардик». Имом Термизий ривояти.

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Президент дарахт экмоқда...

27.11.2024   1180   12 min.
Президент дарахт экмоқда...

Тошкентнинг иккинчи белбоғи дейилмиш Катта ҳалқа йўлидан келаётган Президент кортежи ғувиллаб келиб тўхтади. Очиқ ҳаво, чарақлаб турган қуёш ва давлат раҳбарини кутиб турган юзлаб юртдошларимиз чеҳраларидаги қувонч ўзгача руҳ, ўзгача шукуҳ бағишлаб тургандек эди чароғон кунга. Президентимиз машинадан тушибоқ, тўғридаги шийпон томон шахдам қадам ташлади. Ҳамюртлар билан самимий саломлашиш асносида бу гал шийпонга ёки қайсидир янги корхона, қайсидир йиғилиш минбари, маҳалла ёхуд кластер ҳузурига эмас, тўғри далага бурилди. Қўлига белкурак олиб, дарахт экишга киришди. Синчков одам белкурак ушлашиданоқ Президентнинг, энг аввало, оддий инсон экани, қишлоқда туғилгани, дашту далаларда ўсиб улғайганини дарров фаҳмлайди. Президент чин боғбон сингари ёш ниҳолнинг нозик илдизига тупроқ торта бошлади.

Президент дарахт экмоқда...

— Қани эди дунёдаги ҳамма давлатларнинг раҳбарлари бизнинг Президентимиздай бўлса, — ҳавас ва фахр билан секин шивирлади сенатор Ҳусан Эрматов. — Афсуски...

“Афсуски...” деган биттагина сўз нафақат сенатор Ҳусан Эрматовнинг, балки шу лаҳзаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экиш учун келган барча юртдошларимизнинг қалбидан не-не ўй ва ташвишлар кечаётганини ифодалаб, англатиб тургандек эди.

Ҳа, афсуски, дунё беҳаловат. Дунё чақалоқнинг киприкларида, намозшомгул япроқларида омонат қалқиб турган шудринг томчисидек қалтираб турибди. Айрим давлатларнинг раҳбарлари тинчликни авайлаш, одамларга меҳр кўрсатиш, кўчат экиш, табиатни асраш ўрнига қирғинбарот урушларга саркардалик қилмоқда. Минг-минглаб одамларнинг уйлари вайрон, диллари қабристон, кўчалари гўристон бўлишига сабабчи бўляпти. Йўлимдан юрмасанг, менга бўйин эгмасанг, айтганимни қилмасанг, кўзингга кўрсатиб қўяман қабилида Ер юзини остин-устун қилмоққа жаҳд қилган “шоҳ”лар ёввойи махлуқдек ўкирмоқда, пишқирмоқда, ўкирмоқда. Болалар етим, оналар бева, инсонлар ватангадо бўлмоқда. Табиат эса... Ҳаммасидан кўп азоб чекяпти она табиат. Ҳар отилган ўқдан, ҳар бомбанинг даҳшат билан портлашидан ям-яшил боғларнинг кули кўкка совурилмоқда, она табиат танкларнинг темир товони остида майдаланиб, инграб, жон таслим қилмоқда. Қачонгача давом этади бундай хўрликлар, зўравонликлар, қонхўрликлар, “мен зўрми, сенми” қабилидаги муштумзўрликлар? Қачон инсоф киради бу босқинчи ­каззобларга! Бомбалару снарядларга кетаётган миллиард-миллиард маблағларни ўз фуқароларининг фаровонлигига сарфласа бўлмайдими бу кўрнамаклар?! Дунё қачон халос бўлади тинчлик қассобларидан? Вайронкорлик, жонхўрлик қилиш ўрнига дарахт экса бўларкан-ку, ахир!

Президент дарахт экмоқда...

Тасодиф ёки кўз-кўз қилиш учун эмас, бузғунчиларга, босқинчиларга, табиат ёвузларига қарши исён сифатида ниҳол ўтқазяпти муштипар замин қучоғига. Уч йилдан ошди Президент томонидан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати бошланганига. Лойиҳа чинакам халқ ҳаракатига айланди. Аввалги йилларда Янги Тошкент, Сергели, Чилонзор туманларида бўлган кўчат экишда давлатимиз раҳбарининг ўзи бош-қош бўлган эди. Шундан сўнг қишлоқ ва шаҳарларда, йўл ёқаларию хиёбонларда миллион туплаб дарахт ва гул кўчати экилди. 

Олий Мажлис палаталарининг ўтган ҳафта бўлиб ўтган уч кунлик йиғилишлари адоғида эса давлатимиз раҳбари 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилди. Муқаддас заминда ободлик бўлсин, боғлар кўпайсин, гуллар баргида чанг-ғубор бўлмасин, анҳорлар, дарёлар суви мусаффо бўлсин, қишлоқлар, далалар, қиру адирлар чаманга буркансин, одамлар мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсин, тўйиб-тўйиб яшасин, роҳат қилиб яшасин, деган муҳташам орзуларнинг мўътабар ифорлари эди бу!

— Бугун нафақат биз, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилмоқда. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда, — дея таъкидлади Президент Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида. — Биз бу масаланинг оқибатларини олдиндан кўриб, мазкур йўналишда катта ишларни олиб боряпмиз. Бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳозирги кунга келиб, чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ушбу дастур қатор ҳудудларда, жумладан, Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилмоқда.

Президент дарахт экмоқда...

Бектемир туманидаги ҳалқа йўли ёқасида 100 гектарли янги боққа асос солинмоқда. Боққа икки йилда 100 минг тупдан зиёд дарахт ва бута кўчати ўтқазилади. Уларни парваришлаш ва суғориш учун 3 та сунъий ҳавза ва 12 та қудуқ барпо этилади. Мамлакатимизда эса фақат шу йилнинг кузида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган. Умуман, охирги уч йилда мамлакатимиз бўйича 646 миллион туп кўчат ва бута экилди. Оролбўйидаги яшил қоплама ҳудуди 2 миллион гектардан ошди.

Бундан ташқари, Президентимиз Олий Мажлис йиғилишида айтганидек, қўшни мамлакатлар билан биргаликда минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети очилди. Ўзбекистон БМТ томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюция ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон 2023 йилда иқлим ўзгаришларига мослашув жараёнини молиялаш йўналишида МДҲда биринчилардан бўлиб тарихий қадам ташлади ҳамда 331 миллион долларлик “яшил” суверен халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.

Экологик муаммоларнинг минтақавий ва трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда, жорий йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” тўғрисида БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси қабул қилинди.

Унда Орол минтақасини тиклашга қаратилган ташаббусларга алоҳида ­эътибор берилиб, яшил ўрмонлар барпо қилиш ва маҳаллий аҳоли турмуш даражасини ошириш каби кенг кўламли дастурлар тақдим этилди. Мазкур лойиҳалар юртимизнинг экологик ва ижтимоий ўзгаришларга содиқлигининг ўзига хос ифодасидир.

Энди мазкур йўналишлар бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади. Унда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этади, албатта.

Лекин ўзимиз-чи? Ўзимиз юракдан ҳис қиляпмизми буни?

Ахир биз — одамлар она табиатни озмунча хўрладикми, таладикми, азобладикми, алдадикми? Нега асрлар мобайнида бир томчи сувга зор бўлган араб саҳролари сел қаҳрига дучор бўлмоқда, нега шимол далалари, ўрмону кентлари тошқинлар тагида кўмилиб қоляпти? Дунё бино бўлганидан буён чанқоқлик нималигини билмаган серсув манзиллар Африка саҳроларидек қақраб боряпти, дарёлар ўрнида чўллар, чўллар ўрнида кўллар пайдо бўляпти? Чунки биз етти қават ер тагию етти қават осмон устигача нима кўринса, таладик, талаяпмиз. Ҳатто она заминни пилладек ўраб, турли бало-қазолардан асраб турувчи озон қатламигача аямадик — тешдик: мих уриб тешдик, милтиқ отиб тешдик, ­снаряд отиб тешдик, тешяпмиз. Бу кетишда булут булутлигини, осмон осмонлигини, юлдуз юлдузлигини унутиб қўймайдими? Бундай талон-тарожларнинг олди олинмаса, жиловланмаса, қиёмат-қойим бўлмайдими? Бир-биридан даҳшатли фожиаларни замин аҳли билиб турибди, эси борлар фарёд уряпти, “Бас қилинг!” дея ҳайқир­япти. Зўравонлар эса кардек, кўрдек миқ этмаётир. Ким ўзи улар? Наҳотки, боласи, ота-онаси, қариндош-уруғи, миллати ва ватанининг тақдирини ўйламаса? Нега ёқасидан олиб, бурнини ажриққа ишқамаяпти дунёга эгаменлик даъвосида юрган салтанатларнинг султонлари? Нега?!

Ўзбекистон Президенти дарахт ­экмоқда...

Биринчи ниҳолнинг илдизлари ­атрофини белкурак билан шиббалаб, иккинчи кўчатга меҳр қўрини тўка бошлади...

Бу шунчаки ерга бир туп кўчат ўтқазиш, шунчаки дам олиш кунидаги юмушларнинг бири эмас. Бу — етти ёшдан етмишгача бўлган барча фуқарога даъват. Талатўп дунёнинг кўзига кул сочаётган кимсаларнинг қилмишига Президент жавоби. Табиат хоинларининг бошига урилган гаврон... ва ҳар бир ақли расо инсонга сабоқ, ёшларга ибрат, қарияларга дуо, мўйқалам соҳибларию шоирларга илҳом булоғи бу.

Давлат раҳбарининг қалбидаги орзу-армонларни ҳали-ҳануз ҳаммамиз ҳам тушуниб етганимизча йўқ. Тушуниб етганимизда ҳар йил баҳору кузда эккан минг-минг туп кўчатимиз саратонда қувраб, қорда музлаб қолмаган бўлар эди. Ахир бу йил мана бунча миллион кўчат экдик қабилидаги ёлғон маълумотлар билан ўзиниям, ўзгаларниям алдаётган амалдорлар йўқми орамизда? Сўнгги 10-15 йилда экилган дарахту буталар ҳақидаги “ҳисобот”лар рост бўлганида эди, Ўзбекистон ўрмонга айланиб кетган бўларди. Алдадик. Оқибат нима бўлди — халқнинг пешона тери билан топилган миллионлар сомондек совурилди, меҳнатимиз сувда оқди, қумга чўкди. Нима наф кўрдик? Президент бундай хунук хатолар такрорланмаслиги, сабоқ чиқариш, қалбларда она табиатга беадоқ меҳру муҳаббат уйғотиш учун ҳам ўзи бош бўлиб дарахт экмоқда.

Дарахт экмоқда...

Биз фарзандларимизга, набираларимизга табиат нима эканини тушунтира оляпмизми? Болаларимиз дарахтларни дарахтлардан, гулларни гуллардан, чечакларни чечаклардан фарқлай оладими? Кўкатларнинг номию майсаларнинг хусусиятини билишадими? Қайрағочнинг фойдасию янтоқнинг шифобахшлигини англашадими? Уларга қалдирғочлар нима учун айвонларга ин қуришини айтганмизми? Зурриётларимизга ­бургутларнинг лочинлардан, қарғаларнинг қузғунлардан, чиябўриларнинг бўрилардан фарқи ҳақида гапирганмизми? Бир туп дарахт, бир туп райҳон, бир сиқим ялпиз, бир тутам исмалоқ одамзодга қанча фойда келтириши ҳақида-чи? Дарахтнинг битта шохини, наъматак ёки дўлананинг битта новдасини бевақт синдириш қанчалар зарарли эканини-чи? Дарёю анҳорлар калла ташлаб, маза қилиб чўмилишгина эмас, минглаб инсонларнинг, гулу ғунчаларнинг, қурту қумурсқа, боғу роғларнинг жони, қони эканини тушунтирганмизми? Болаларимиз ҳис қиладиларми, булут нималиги, ой нималиги, қиру адир ва еру осмон нималигини? Тўфонлар, тошқинлар қаёқдан пайдо бўлишию нега табиий офатлар кўпайиб кетаётгани сабаблари ҳақида уларнинг тасаввури борми? Ер юзидаги ҳамма яратиқ инсон учун, яшаш учун ­кераклиги, уларни таниш, билиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш учун ўқиш, ўрганиш зарурлигини билишадими? Ўзимиз-чи? Билсак, нега ариқлар, дарёю сойларнинг суви булғанишига томошабин бўлиб қараб турибмиз, йўл бўйлари, маҳалла-кўйларда куну тун жилдираб оқиб ётган водопровод жўмрагини бураб қўйиш нега эсимизга келмаяпти? Нега тонналаб заҳарли газ чиқараётган йирик корхоналарни тартибга чақирмаяпмиз? Нега остонамиздаги ариқларни хазон босиб ётибди? Кеча эккан ниҳолни эчки ғажиётганини кўриб туриб, нега ҳайдамаймиз? Фарзанд кимдан ибрат олсин? Қуш уясида кўрганини қилмайдими? Қачон сабоқ чиқарамиз ўзимиз — катталар?

Қачон хулоса қиламиз, қачон рост гапиришни ўрганамиз?

Президент дарахт экмоқда...

Ниҳол тубига сув қуймоқда. Бу ниҳоллар ўсиб, азамат дарахтларга, дарахтлар катта боғларга айланади ҳали. Боғлар қушлар чуғурига тўлади, булбуллар маст бўлиб сайрайди. Асаларилар дарахтларнинг гулларига қўнади, шамоллар ўпади, қуёш нур тўкади. Қадим Турон, улуғ Туркистон — янги Ўзбекистон боғларида қариялар ёнбошлаб дам олади, болалар қийқириб ўйнайди, Худо хоҳласа. Ҳар нафас, ҳар дақиқани бекор кетказмай, табиатни онажон, дея бағримизга босиб, елкамизда опичлаб, қароғимизда авайлайдиган замон келди. Онажонимизнинг ойдек порлоқ, қуёшдек меҳрли эканини билмоқ ва ардоқламоқ замони келди.

Кечир бизни, она табиат,

Сочинг юлиб, зўрладик сени.

Оҳ урсанг ҳам қилмадик шафқат,

Орол мисол хўрладик сени.

Сен шод бўлсанг, кўнглинг тўқ бўлса,

Биз ҳам шодмиз, бизлар ҳам тўқмиз.

Кўзинг аччиқ ёшларга тўлса,

Биз ҳам ғариб, бизлар ҳам йўқмиз.

Бошимизни уриб пойингга, 

Она, сендан узр сўраймиз. 

Энди эса ҳамма жойингни,

Чечакларга, гулга ўраймиз.

Кўклатай деб улуғ мулкингни,

Йўлга чиқди қари, ёшимиз.

Бу қудратли улуғ тўлқинни,

Бошлаб берди давлат бошимиз.

Дала дашту кўча-кўйингни,

Буркагаймиз боғу бўстонга.

Ҳавас қилгай бу жабҳада ҳам,

Аҳли дунё Ўзбекистонга.

 

Президент дарахт экмоқда...

Абдусаид КЎЧИМОВ,

сенатор

МАҚОЛА