Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Араб хатининг вужудга келиши

7.02.2017   7550   8 min.
Араб хатининг вужудга  келиши

Биринчи хат ёзган Одам алайҳиссаломдир ва у зотга ёзув таълимини берган Аллоҳ Роббул иззадир[i]. Чунончи Қуръони каримда “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди[ii]деб марҳамат қилинган. (Бақара сураси, 31-оят)

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Араб лафзи ва нутқида биринчи ёзган зот Исмоил ибн Иброҳим алайҳиссаломдир”.

Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий “Сийрат ас-саҳиҳ” (Ишончли тарих) асарида: “Арабий хатда биринчи бўлиб ёзган киши Исмоил алайҳиссаломнинг ўғли Низор ибн Маъадд ибн Аднондир” деган[iii]

 (Макҳулдан ривоят қилинишича) Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан бўлган Нафис, Назр, Таймо ва Давмалар араб ёзувига биринчи бўлиб асос солган бўлиб, улар ҳарфларни бир-бирига улаб ёзишни жорий қилганлар, ҳатто алиф билан ро ни қўшиб ёзганлар. Бу (ҳарф)ларни алоҳида шаклда Ҳамис ва Қайдорлар фарқлаб ёзганлар. Бу иккиси ҳам Исмоилнинг (алайҳиссалом) авлодларидан бўлган[iv].

 Масъудий[v] айтади: “Арабий хатнинг биринчи тузувчиси Миҳсан ибн Жандал ибн Яъсоб ибн Мадяннинг авлодлари бўлиб, улар Аднон ибн Уддга тушган эдилар. Уларнинг исмлари Абжад, Ҳавваз, Ҳуттий, Каламан, Саъфас ва Қарашат бўлган. Улар ўзларининг исмида иштирок этган ҳарфларни ҳисобладилар ва яна исмларида мавжуд бўлмаган ҳарфларни ҳам топдилар. Булар – са (ث), хо (خ), зол (ذ), зод (ض), зо (ظ), ғайн (غ) ҳарфлари эди. Бу ҳарфлардан ҳам яна иккита Саххоз ва Заззоғ сўзларини ясаб ўз исмларининг қаторига қўшиб қўйдилар. Шу билан ҳижоия (алфавит) ҳарфлари тўлиқ бўлди”. Баъзи ривоятларда келтирилишича, булар Мадяннинг подшоҳлари бўлиб, уларнинг раиси Каламан деб аталарди. Ҳаммалари Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмидан бўлиб, барчалари “зулмат кунида” ҳалок бўлганлар. “Зулмат куни” яъни қаттиқ иссиқдан кейин қоп-қора булут келди, ёмғир ўрнига олов ёғди ва барчалари куйиб кетди. (Мадян қирилиб кетган араб қабилаларидан бири бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган). Каламуннинг қизи отасига атаб марсия ёзган ва бу сақланиб қолган. (Қандай қилиб бу қиз қавми билан бирга ҳалок бўлмай, тирик қолганининг сабабини билмайман”, деб ёзади Масъудий)[vi].

Яна Масъудий Ҳишом ибн Калбийдан ривоят қилиб айтади: “Хат (ёзув)нинг илк ижодкорлари Анборда яшаган Булон қабиласининг Той (уруғи)дан уч киши бўлиб, улар Мирор ибн Мурра, Аслам ибн Садра ҳамда Омир ибн Жадралар эди[vii]. Улар сурёний алифбосига солиштириб (қиёслаб) араб алифбосини ишлаб чиқдилар. Биринчи босқичда ҳарфларни кўриниши (сурати)ни ёзадилар. Иккинчи босқичда ҳарфларнинг алоҳида ва уланган ҳолдаги шаклини ишлаб чиқдилар. Учинчи босқичда нуқталарини қўйиб чиқдилар ва улар бу хатни “хаттул жазм” деб номладилар. Бу – “кесик” деганидир. Чунки у “Ҳимярий хат”идан кесиб олинган эди. Айтилишича, Анбор аҳли Ҳийра аҳлидан хат таълимини олганлар. Бошқа ривоятда бунинг акси бўлганини айтади. Айтиладики, милоддан аввалги 190-йилларда ҳукмронлик қилган Мунозаранинг даврида Ҳимярий хати Ҳийрага келтирилган. Ҳумяр Ҳуд қавми бўлган аҳли Яманнинг хатидир. Ҳуд – биринчи Од яъни Ирамнинг Од қавми эди. Улар ишлатадиган ёзув “муснад  ал-ҳимярий” (химярийча хат) деб номланарди”[viii].

Мақризий[ix]: “Биринчи хаттотлик қалами бу – Ҳимяр ва Од подшоҳларининг қаламларидир”, деган. Тарихи ибн Халдун (807 ваф.) китобнинг биринчи жузида қўшимча равишда буюк амир ҳамда моҳир хаттот Шакиб Арслон[x] шундай ёзади: “Европалик олимлар, шу жумладан олмониялик шарқшунос олим Мартис Олмоний ҳам қуйидаги фикрни билдирдилар: иограф ҳарфлардан кейин ҳарфлар билан ёзиш Яманда вужудга келган. Ёзишни финикияликлар ихтиро қилган деган фикр машҳур бўлса-да, лекин бу фикр тўғри эмас. Балки биринчи бўлиб яманликлар китобат (ёзиш)ни ихтиро қилганлар. Мартиснинг айтишича, финикияликлар ўзларининг ёзувини яманий араб ёзуви асосида бино қилганлар. Юнонлар эса финикияликлардан олган, ўз ўрнида римликлар юнонлардан олган. Дунёда китобатни улар қўлга киритганлар ва мана шу эътибор билан улар ёзув маданиятига асос солган”[xi].

Ибн Халдун муқаддимасининг ‘‘Хат ва китобат инсониятнинг кашфиётларидандир’’ (“Фасл аннал хатто вал китобота мин адодис синоъил инсонияти’’) бобида шундай дейди: “Араб хати Табобиъалар[xii] давлатида бенуқсон ва афзалликда маромига етиб бўлган эди.  Бу давлат маданийлашиб, дабдабали ҳаёт кечира бошлагач, у “хат ал-ҳумярий” деб атала бошлади ва Оли Мунзир давлатидан бўлган табобиъанинг аслзодалари Ироқ ерлари билан араб  мулкини кенгайтиргач бу хат Ҳийрага кўчди. Бироқ уларнинг ёзувлари табобиъаларникичалик аъло даражада эмас эди.

     Тоиф[xiii] ва Қурайш аҳли ёзувни Ҳийраликлардан ўзлаштирганлар. Айтилишича, Ҳийраликлардан китобатни ўрганган киши Суфён ибн Умайядир. Яна бир ривоятда бу киши Ҳарб ибн Умайя бўлган ва у китобатни Аслам ибн Садрадан ўрганган, дейилади. Мана шу ҳақиқатга яқин гапдир. Ҳижоз аҳли китобатни Ҳийрадан, аҳли Ҳийра эса табобиъалар ва Ҳумярдан ўрганганлар, деган сўз энг муносиб сўздир. Ҳумярликларнинг ёзуви муснад деб аталган ва ҳарфлари бир-биридан ажралиб ёзиларди. Улар ёзувларини ўзларидан бошқа ҳеч кимга ўргатмас эдилар”[xiv].

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллоҳ ўғли

 

[i] Муҳаммад Шарифжон Садри Зиё. Тазкиратул хаттотийн. Мажмуа.//Қўлёзма. Ўз ФА ШИ. – .№1304.

[ii] Қаранг: Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири ирфон. I-III Жуз. -Т.: Шарқ, 2012. –Б. 50; Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. Тошкент, 2009. -Б. 6.

[iii] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.

[iv] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.

[v] Али ибн Ҳусайн ибн Али Абул Ҳасан ал-Масъудий саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуднинг (р.а.) зурёдидан. Шайх Муҳаммад ибн Яҳё (муҳаддис олим) Шамсиддин у ҳақда шундай деган: “У Бағдодликлардан ҳисобланади. Бир муддат Мисрда яшаган. Тарихшунос, ажойиб ва ғаройиб, қизиқарли  ҳамда нодир воқеа ва ҳодисаларнинг билағони, саёҳатсевар одам эди. Ҳижрий 346 йилда вафот этган”.

[vi] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи.  –Б. 19.

[vii] Ибн Мунзир. Лисон ал-Араб. 6-жуз. –Б. 4178.

[viii] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б. 19.

[ix] Аҳмад ибн Али ибн Абдулқодир Абулаббос Алҳусайний Алабидий Тақиййиддин ал-Мақризий

1365-1441й. (ҳ.766-845) Мисрлик тарихчи олим. Қоҳирада туғилиб, ижод қилиб, Қоҳирада вафот этган. Асли Баълабаккалик бўлиб Мақораза қишлоғига нисбат берилган.

[x] Шакиб ибн Ҳамуд ибн Ҳасан ибн Юнус Арслон (1869-1945) Ҳира подшоларининг Танухийн сулоласидан. Тил ва сиёсий илмлар олими, тарихчи.

[xi] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал- хат ал-арабий ва адабиҳи. 1939.

[xii] Қуръони каримда бу давлатни «Туббаъ қавми» деб номланган. Бу давлат Яманда бўлган. Тафсир китобларида Ҳомийр подшоҳларининг лақаби «Туббаъ» бўлган. Ўша подшоҳлардан бири Аллоҳнинг динига кириб ўз қавмини ҳам динга чақирган, дейилади. Қаранг: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5 жуз. Тошкент: Шарқ, 2008. –Б. 570.

[xiii] Макка шаҳрига қўшни шаҳар.

[xiv] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хаттил арабий ва адабиҳи. 1939; Ҳабиб Исфаҳоний Хат ва хаттотон //Тошбосма Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги ШИ Фонди инв№ 3640.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

10.01.2025   1700   8 min.
Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. 

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«‎Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг ‎хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: ‎‎«Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй ‎бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ‎нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот ‎бергин», деб айтди‎», деган (11-оят).

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни ‎‎(мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан ‎пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда ‎китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан ‎бўлди» (12-оят).

Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!

Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?

Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.

– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.

Мақолалар