Биринчи хат ёзган Одам алайҳиссаломдир ва у зотга ёзув таълимини берган Аллоҳ Роббул иззадир[i]. Чунончи Қуръони каримда “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” [ii]деб марҳамат қилинган. (Бақара сураси, 31-оят)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Араб лафзи ва нутқида биринчи ёзган зот Исмоил ибн Иброҳим алайҳиссаломдир”.
Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий “Сийрат ас-саҳиҳ” (Ишончли тарих) асарида: “Арабий хатда биринчи бўлиб ёзган киши Исмоил алайҳиссаломнинг ўғли Низор ибн Маъадд ибн Аднондир” деган[iii].
(Макҳулдан ривоят қилинишича) Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан бўлган Нафис, Назр, Таймо ва Давмалар араб ёзувига биринчи бўлиб асос солган бўлиб, улар ҳарфларни бир-бирига улаб ёзишни жорий қилганлар, ҳатто алиф билан ро ни қўшиб ёзганлар. Бу (ҳарф)ларни алоҳида шаклда Ҳамис ва Қайдорлар фарқлаб ёзганлар. Бу иккиси ҳам Исмоилнинг (алайҳиссалом) авлодларидан бўлган[iv].
Масъудий[v] айтади: “Арабий хатнинг биринчи тузувчиси Миҳсан ибн Жандал ибн Яъсоб ибн Мадяннинг авлодлари бўлиб, улар Аднон ибн Уддга тушган эдилар. Уларнинг исмлари Абжад, Ҳавваз, Ҳуттий, Каламан, Саъфас ва Қарашат бўлган. Улар ўзларининг исмида иштирок этган ҳарфларни ҳисобладилар ва яна исмларида мавжуд бўлмаган ҳарфларни ҳам топдилар. Булар – са (ث), хо (خ), зол (ذ), зод (ض), зо (ظ), ғайн (غ) ҳарфлари эди. Бу ҳарфлардан ҳам яна иккита Саххоз ва Заззоғ сўзларини ясаб ўз исмларининг қаторига қўшиб қўйдилар. Шу билан ҳижоия (алфавит) ҳарфлари тўлиқ бўлди”. Баъзи ривоятларда келтирилишича, булар Мадяннинг подшоҳлари бўлиб, уларнинг раиси Каламан деб аталарди. Ҳаммалари Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмидан бўлиб, барчалари “зулмат кунида” ҳалок бўлганлар. “Зулмат куни” яъни қаттиқ иссиқдан кейин қоп-қора булут келди, ёмғир ўрнига олов ёғди ва барчалари куйиб кетди. (Мадян қирилиб кетган араб қабилаларидан бири бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган). Каламуннинг қизи отасига атаб марсия ёзган ва бу сақланиб қолган. (Қандай қилиб бу қиз қавми билан бирга ҳалок бўлмай, тирик қолганининг сабабини билмайман”, деб ёзади Масъудий)[vi].
Яна Масъудий Ҳишом ибн Калбийдан ривоят қилиб айтади: “Хат (ёзув)нинг илк ижодкорлари Анборда яшаган Булон қабиласининг Той (уруғи)дан уч киши бўлиб, улар Мирор ибн Мурра, Аслам ибн Садра ҳамда Омир ибн Жадралар эди[vii]. Улар сурёний алифбосига солиштириб (қиёслаб) араб алифбосини ишлаб чиқдилар. Биринчи босқичда ҳарфларни кўриниши (сурати)ни ёзадилар. Иккинчи босқичда ҳарфларнинг алоҳида ва уланган ҳолдаги шаклини ишлаб чиқдилар. Учинчи босқичда нуқталарини қўйиб чиқдилар ва улар бу хатни “хаттул жазм” деб номладилар. Бу – “кесик” деганидир. Чунки у “Ҳимярий хат”идан кесиб олинган эди. Айтилишича, Анбор аҳли Ҳийра аҳлидан хат таълимини олганлар. Бошқа ривоятда бунинг акси бўлганини айтади. Айтиладики, милоддан аввалги 190-йилларда ҳукмронлик қилган Мунозаранинг даврида Ҳимярий хати Ҳийрага келтирилган. Ҳумяр Ҳуд қавми бўлган аҳли Яманнинг хатидир. Ҳуд – биринчи Од яъни Ирамнинг Од қавми эди. Улар ишлатадиган ёзув “муснад ал-ҳимярий” (химярийча хат) деб номланарди”[viii].
Мақризий[ix]: “Биринчи хаттотлик қалами бу – Ҳимяр ва Од подшоҳларининг қаламларидир”, деган. Тарихи ибн Халдун (807 ваф.) китобнинг биринчи жузида қўшимча равишда буюк амир ҳамда моҳир хаттот Шакиб Арслон[x] шундай ёзади: “Европалик олимлар, шу жумладан олмониялик шарқшунос олим Мартис Олмоний ҳам қуйидаги фикрни билдирдилар: иограф ҳарфлардан кейин ҳарфлар билан ёзиш Яманда вужудга келган. Ёзишни финикияликлар ихтиро қилган деган фикр машҳур бўлса-да, лекин бу фикр тўғри эмас. Балки биринчи бўлиб яманликлар китобат (ёзиш)ни ихтиро қилганлар. Мартиснинг айтишича, финикияликлар ўзларининг ёзувини яманий араб ёзуви асосида бино қилганлар. Юнонлар эса финикияликлардан олган, ўз ўрнида римликлар юнонлардан олган. Дунёда китобатни улар қўлга киритганлар ва мана шу эътибор билан улар ёзув маданиятига асос солган”[xi].
Ибн Халдун муқаддимасининг ‘‘Хат ва китобат инсониятнинг кашфиётларидандир’’ (“Фасл аннал хатто вал китобота мин адодис синоъил инсонияти’’) бобида шундай дейди: “Араб хати Табобиъалар[xii] давлатида бенуқсон ва афзалликда маромига етиб бўлган эди. Бу давлат маданийлашиб, дабдабали ҳаёт кечира бошлагач, у “хат ал-ҳумярий” деб атала бошлади ва Оли Мунзир давлатидан бўлган табобиъанинг аслзодалари Ироқ ерлари билан араб мулкини кенгайтиргач бу хат Ҳийрага кўчди. Бироқ уларнинг ёзувлари табобиъаларникичалик аъло даражада эмас эди.
Тоиф[xiii] ва Қурайш аҳли ёзувни Ҳийраликлардан ўзлаштирганлар. Айтилишича, Ҳийраликлардан китобатни ўрганган киши Суфён ибн Умайядир. Яна бир ривоятда бу киши Ҳарб ибн Умайя бўлган ва у китобатни Аслам ибн Садрадан ўрганган, дейилади. Мана шу ҳақиқатга яқин гапдир. Ҳижоз аҳли китобатни Ҳийрадан, аҳли Ҳийра эса табобиъалар ва Ҳумярдан ўрганганлар, деган сўз энг муносиб сўздир. Ҳумярликларнинг ёзуви муснад деб аталган ва ҳарфлари бир-биридан ажралиб ёзиларди. Улар ёзувларини ўзларидан бошқа ҳеч кимга ўргатмас эдилар”[xiv].
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллоҳ ўғли
[i] Муҳаммад Шарифжон Садри Зиё. Тазкиратул хаттотийн. Мажмуа.//Қўлёзма. Ўз ФА ШИ. – .№1304.
[ii] Қаранг: Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири ирфон. I-III Жуз. -Т.: Шарқ, 2012. –Б. 50; Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. Тошкент, 2009. -Б. 6.
[iii] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.
[iv] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.
[v] Али ибн Ҳусайн ибн Али Абул Ҳасан ал-Масъудий саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуднинг (р.а.) зурёдидан. Шайх Муҳаммад ибн Яҳё (муҳаддис олим) Шамсиддин у ҳақда шундай деган: “У Бағдодликлардан ҳисобланади. Бир муддат Мисрда яшаган. Тарихшунос, ажойиб ва ғаройиб, қизиқарли ҳамда нодир воқеа ва ҳодисаларнинг билағони, саёҳатсевар одам эди. Ҳижрий 346 йилда вафот этган”.
[vi] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б. 19.
[vii] Ибн Мунзир. Лисон ал-Араб. 6-жуз. –Б. 4178.
[viii] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б. 19.
[ix] Аҳмад ибн Али ибн Абдулқодир Абулаббос Алҳусайний Алабидий Тақиййиддин ал-Мақризий
1365-1441й. (ҳ.766-845) Мисрлик тарихчи олим. Қоҳирада туғилиб, ижод қилиб, Қоҳирада вафот этган. Асли Баълабаккалик бўлиб Мақораза қишлоғига нисбат берилган.
[x] Шакиб ибн Ҳамуд ибн Ҳасан ибн Юнус Арслон (1869-1945) Ҳира подшоларининг Танухийн сулоласидан. Тил ва сиёсий илмлар олими, тарихчи.
[xi] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал- хат ал-арабий ва адабиҳи. 1939.
[xii] Қуръони каримда бу давлатни «Туббаъ қавми» деб номланган. Бу давлат Яманда бўлган. Тафсир китобларида Ҳомийр подшоҳларининг лақаби «Туббаъ» бўлган. Ўша подшоҳлардан бири Аллоҳнинг динига кириб ўз қавмини ҳам динга чақирган, дейилади. Қаранг: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5 жуз. Тошкент: Шарқ, 2008. –Б. 570.
[xiii] Макка шаҳрига қўшни шаҳар.
[xiv] Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хаттил арабий ва адабиҳи. 1939; Ҳабиб Исфаҳоний Хат ва хаттотон //Тошбосма Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги ШИ Фонди инв№ 3640.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси