Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Қурони карим тиловатида тадаббур

06.02.2017   14647   4 min.
Қурони карим тиловатида тадаббур

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло ўз каломида тадаббур қилиш ҳақида марҳамат қилганки:

وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَكَ وَلِقَوْمِكَ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ

Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар. (Zuxruf 44-oyat).

كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир»,  деган. (Sod 29-oyat.).

Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар. (Niso 82-oyat.).

Мана, ўн тўрт аср  ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато  жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табииётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Қуръонни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.

«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар». Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: «Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا

Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари» бордир?!. (Muhammad 24-oyat.).

Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балким уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълум .

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз. (A’rof 204-oyat.).

Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.

Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони Карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб.

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   14148   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар