Қадим замонда бир ойна солувчи бўлган экан. Бир куни у ўз фойдасини кўзлаб бир девонага дебди: "Агар бориб одамларнинг ойналарини синдирсанг, менга ёрдам берган бўлар эдинг, кейин менинг ишим юришар эди". Девона унинг гапига кириб, ойна солувчининг уйига югуриб бориб, ҳамма ойналарини битта қўймай синдирибди. Кечқурун уйига келган ойна солувчи буни кўриб ғазабланибди ва девонани уриша бошлабди.
– Нега мендан жаҳлинг чиқади, ахир ойналарни синдир, деб ўзинг айтинг-ку?! - дебди девона.
– Мен сенга бошқаларнинг уйидаги ойналарни синдир, шунда менинг ишим кўпаяди, дедим.
– Агар бошқаларнинг ойнасини синдирсам, улар бошқа ойна солувчини чақиришлари мумкин эди. Сеникини синдирсам, сен ҳеч кимни чақирмайсан ва ўзингнинг ишинг кўпаяди, - дебди девона.
Билгинки, бошқаларга зиён етказиш эвазига тирикчилик қилишнинг оқибати мана шундай бўлади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йил учун обуна мавсумида фаол иштирок этиб, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган имом-хатиблар ва масъулларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Shamsuddinxon Boboxonov» нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари — Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда бош муҳаррир Абдужалил Ҳўжамов иштирок этдилар.
Тадбир давомида диний-маърифий нашрларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, уларни кенг оммага етказишда имом-хатиблар ҳамда масъулларнинг вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбир якунида обуна жараёнларида фаол иштирок этган бир гуруҳ имом-хатиблар ва масъулларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.