Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Жийда фойдалари ҳақида

26.01.2017   50529   5 min.
Жийда фойдалари  ҳақида

ЖИЙДА (Elaeagnus L.) — жийдадошлар оиласига мансуб дарахт ёки бута. Жанубий Европа, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америкада ўсадиган 40 га яқин тури бор.Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда жийданинг  қарғажийда. (Е. angysti-fola; ёввойи ҳолда ўсади), шарқ жийдаси (Е. orientalis), тиканакли жийда (Е. pungens), кумушсимон жийда (Е. argentea), нон жийда(Е. cdulls) турлари ўсади. Ш а р қ жийдасининг барги оддий, энсиз, кумуш-ранг. Дарахти 8—10 м, шохлари сийрак, тиканли ёки тикансиз. Гули икки жинсли, сариқ, серасал, хушбўй, эфир мойли. Меваси сарғиш, мағизсиз данакли, эти 31,2—88,7%, унсимон, хушхўр. Таркибида 46—65% қанд, 10% оқсил, 1,3% кислота, 200 мг% С витамини мавжуд. Жийданинг меваси янгилигида ёки қуритиб истеъмол этилади. Табобатда ошқозон-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Ёғочидан турли хил буюмлар ясалади, парфюмерия саноатида, гулидан эфир мой олинади.

Жийда қурғоқчиликка чидамли, ер ости сувлари юза ва шўр тупроқларда ҳам ўсаверади. Данагидан, илдиз бачкисидан ва қаламчасидан кўпаяди. Кўчати ўтказилгач, 3—5- йили ҳосилга киради. Май—июнь ойида гуллайди, меваси сентябрь—октябрда пишади. Бир тупи 50 кг гача ҳосил беради. Жийда60—80 йил яшайди. Нон жийда мевали дарахт сифатида экилади, ўрта бўйли дарахт. Сернам ерларда яхши ўсади. Серҳосил. Меваси йирик, мазали, қизғиш-қўнғир рангли. Ўзбекистон ўрмончилик илмий-тадқиқот институтида унинг 20 га яқин нави таърифланган (Қизил Ж., Раъно, Урганч, Хурмой, Тошкент десерти, Чўли қандак, Кизил қандак ва бошқалар). Ҳозирги даврга келиб саноат аҳамиятини йўқотди. Ўзбекистон, Тожикистон ва к ў п г и н а мамлакатларда айримтоморқа боғларида  экилади. Кўпроқ йўл ёқалари, канал бўйлари, дала-иҳота ўрмон минтақалари, ташландиқ ерларга экилади. Тупроқни азот билан бойитади. Озиқавий қуввати: 34 кКал ни ташкил этади.
Жийда мевасини узоқ муддат сақлаш мумкин. Пишиб етилганида териб олингач, бир неча ойдан сўнг ҳам ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди.

Фойдали хусусиятлари

Жийда таркибида жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Масалан, унинг мевасида калий моддаси мавжуд, бу инсон организмида юрак-қон томирлари тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, ўз навбатида инсульт, инфаркт ва бошқа муаммоли хасталиклари келиб чиқишининг олдини олади. Хушбўй моддалар мавжудлиги унинг бириктирувчи таъсирчанлигига асос бўлади.

Жийда меваси инсонни тинчлантирувчи таъсирга эга ва уйқу дорилар билан қўшиб истеъмол қилинса, уларнинг фаоллигини оширади. Бундан ташқари асаб тизими фаолиятини меъёрга келтиради, ва ғазабланиш, асабийлашувнинг олдини олади. Жийда тинчлантириш фаоллиги билан биргаликда саломатликни мустаҳкамлайди.

Пазандаликда ишлатилиши

Унинг янги узилган мевасини турли пишириқ-десертларга қўшиш мумкин. Бундан ташқари ундан мураббо ва жемлар тайёрлаш мумкин.

Жийда мевасининг фойдалари ва у билан даволаш

Жийда меваси халқ табобатида кенг ишлатилади. Дармон дорилар таркибида унинг меваси билан бир қаторда гули, барглари ва новда пўстлоқлари ҳам ишлатилади. Масалан, мевасининг дамламасидан овқат ҳазм қилиш муаммоларини ҳал этишда, шунингдек, оғиз бўшлиғи касалликларидан фориғ бўлиш мақсадида ғарғара қилиб оғизни чайиш йўли билан фойдаланиш мумкин. Барглари ревматизм, подагра ва радикулитни даволаш жараёнида яхши ёрдам беради. Баргларини яна жароҳат ва яраларга боғлаб, шамоллашни олиш ва жароҳат битишини тезлаштиришда фойдаланилади. 

Бундан ташқари жийда мевасидан бавосирни даволашда фойдаланилади. Новдаси пўстлоғидан тайёрланган дамлама қон кетишини тўхтатишда яхши шифобахш воситадир. Мевасининг шарбати безгак ва қон босимини даволаш жараёнида истеъмол қилинади.

Мевасининг қайнатмаси нафас йўллари, безгак ва шамоллаш касалликларини даволашдаёрдам беради. Бундан ташқари, бу қайнатмадан йўғон ичак, ошқозон ва ичак йўлларини даволашда яхши ёрдам беради, шунингдек у ичкетарда ҳам ёрдам беради.

Унинг гуллари ва баргларидан ҳам шифобахш дамлама тайёрлаш мумкин. Бу дамлама қон босимида ва юқори ҳароратни туширувчи табиий воситадир. Шунингдек, у юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, колитдан фориғ бўлишда ижобий натижа беради.

Жийданинг зарари ва ножўя таъсири

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар уни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари тавсия этилади.

 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади 

25 январь 2017 йил

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   7324   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар