ЖЕНЬШЕНЬ (Рanax ginseng) — аралиядошларга (Araliceae) мансуб кўп йиллик ўт. Шарқий Осиё, Хитой ва Кореяда табиий ҳолда ўсувчи қадимги ўсимлик. Жуда қадимдан доривор ўсимлик сифатида маълум (илдизидан олинган дори-дармонлар организмнинг қувватини оширади). Бўйи 30—50 см, барглари панжасимон қирқма, гуллари майда, кўкиш, соябонсимон тўпгулга йиғилган. Меваси юмшоқ. Этли илдизи цилиндрсимон, хушбўй, таъми аччиқроқ. Илдизининг юқори қисми йўғонроқ, пастки қисми шохланган, қисман одам гавдасини эслатади. Шу боис унга «женьшень», яъни хитойча «одам-илдиз» деб ном берилган. Илдизининг оғирлиги 20—25 г келади. Женшеннинг табиий заҳиралари жуда ҳам камайиб кетган. Шунинг учун кўп жойларда экиб ўстира бошланди. Ўзбекистонда ботаника боғида ўстирилади.
Уни ёввойи ҳолда Хабаровскда, Кореяда, Маньчжурияда ва Хитойда учратиш мумкин. Кўпинча женьшень кедр дарахтлари ўсадиган соя-салқин ва серсув ўрмонларда ўсади. Женьшень турли табиий ўғитларга бой, юмшоқ, увада тупроқли ерларни хуш кўради. Қуёш нурлари тик тушадиган ерда ўсмайди, худди шунинг учун ҳам у атрофи дарахтлар билан ўралган ўрмонзорларда ўсади. (“ЎзМЭ”дан)
Женьшеннинг фойдали хоссалари
Таркибида мавжуд бўлган бир қанча фойдали кимёвий моддалар сабабидан женьшень қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг қўлланган. Ўсимлик илдизида алкалоидлар, турли ширалар, С витамини, олтингугурт ва фосфор, хушбўй моддалар, шунингдек, микро- ва макроэлементлар бор.
Ўсимлик инсон организмига тинчлантирувчи ва оғриқ қолдирувчи таъсир кўрсатади. Женьшень кишида ишчанлик қобилиятини кучайтиради, ўт моддасини организмдан чиқариб юборади, ўпкада газ алмашинувини яхшилайди. Женьшеннинг шифобахш таъсири натижасида кишида артериал қон босими меъёрига келади, эндокрин тизими иш фаолияти кучаяди, қон таркибида қанд моддаси миқдори пасаяди.
Женьшень асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланиш ҳолатларида тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Ўсимликни ақлий ва жисмоний зўриқишларда истеъмол қилинади.
Женьшень қон шаклланишини ва хотирани яхшилайди, модда алмашинуви ва юрак-қон томирлари тизими фаолиятини меъёрига келтиради. Женьшень – кўриш қобилиятини яхшиловчи, жароҳатлар битишига ёрдам берувчи, оғриқни қолдирувчи, асаб тизимини тинчлантирувчи ўсимлик.
Женьшень организмнинг эрта қартайишига йўл бермайди, бунда организмга бошқа салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ўсимлик иммунитетни кучайтиради, танадаги ортиқча ёғларнинг эришига ёрдам қилади. Халқ табобатида женьшень дамлама, қайнатма, малҳам, чой сифатида ва қуруқлигин янчиб истеъмол қилинади.
Томирлардаги оғриқни қолдириш ва шамоллашни даволашда женьшень. Тоғ асалидан 1 кг олинади ва унга 50 г женьшень илдизи майдаланган бўлаклари солинади. Мазкур асал солинган идиш қоронғи жойда бир неча ҳафта сақланади. Тиндирилгач, асалдаги женьшень илдизи қолдиқлари буткул олиб ташланади. Бу табиий доридан кунига бир чой қошиқ ичиб, киши томирларидаги ва бошдаги оғриқлардан халос бўлади, чарчоқ билмайди, тетик бўлади, шамоллашдан ҳам фориғ бўлади.
Йўтал ва тумовда женьшень. Бу дорини тайёрлаш учун бир бош катта турп олинади, унинг бош томони ўйиб олиниб, чуқурча ҳосил қилинади ва олов устидаги манти қасқон буғхонасига икки соатга қўйилади, унинг ёнига - мантиқасқон буғхонасига битта женьшень илдизи қўйилади. Сўнг уларни буғхонадан олинади. Турпнинг ўйилган чуқурчасига женьшень илдизи солинади ва унга тенг асал қўшилади. Турпнинг ўйилган чуқурчаси унинг ўзидан кесиб олинган қопқоғи билан беркитилади, бир сутка давомида тиндирилади, турп ичида ҳосил бўлган суюқликни бир чой қошиғидан кунига уч маҳал ичилади. Бир неча кунлик бундай муолажа натижасида йўталдан ҳам, тумовдан ҳам фориғ бўлинади.
Женьшенли чой инсон саломатлигига ажойиб таъсир кўрсатади. Бундай чойни тайёрлаш учун қуритиб янчилган женьшень илдизи устидан қайнаб турган сув қуйилади, устини ёпиб, 20 минут тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Чойни суткасига уч маҳал бир ош қошиғидан бир ой давомида ичилади, сўнг ўттиз кун танаффус қилиб, муолажа курси такрорланади.
Бундай дамланган чой организмни умумий мустаҳкамловчи, куч-қувват бағишловчи тинчлантирувчи хусусиятларга эга. Ўсимликнинг фаол моддалари асаб тизими фаолиятини мустаҳкамлайди, жисмоний ва ақлий чарчоқни пасайтиради, юрак ва қон томирлари фаолиятини яхшилайди, иштаҳани очади, артериал қон босимини меъёрига келтиради, ишчанлик қобилиятини оширади.
Женьшень билан муолажа қилиш бўйича тавсиялар
Ўсимлик таркибидаги барча фойдали моддалар мажмуаси организмни соғломлаштирувчи восита сифатида ажойиб таъсир кўрсатади. Бунда ўсимликнинг соғломлаштирувчи фойдали хусусиятлари касалликлардан фориғ бўлишда ёрдам бериши билан биргаликда, нафақат муолажа учун балки, турли хасталикларнинг олдини олиш учун ҳам хизмат қилади.
Хусусан, унинг барглари, танаси, гуллари ва уруғи шифобахш дамлама тайёрлашда ишлатилади.
Дамламани мунтазам ичиш қандли диабет, тропик яралар, нейропсихик хасталикларни даволаб тузатишда, шунингдек, доимий чарчоқдан фориғ бўлишда, асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланишдан сўнг руҳий енгилликни тиклашда ёрдам беради.
Яқинда олиб борилган тадқиқотлар бу ўсимлик баргларида полисахаридлар мавжудлигини аниқлади, бу моддалар турли ўсимталарга барҳам беради. Шундай қилиб, бу ўсимликдан рак касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда ҳам фойдаланилмоқда.
Ортиқча вазнли, тўладан келган кишилар учун ҳам бу ўсимликнинг фойдаси катта, шу билан бир қаторда у организмни ёшартириш хусусиятига ҳам эга. Ўзига озишни мақсад қилиб қўйган кишилар бу дамламани ичиб юришлари яхши натижалар беради.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин, женьшендан тайёрланган турли дорилар қуйидаги касалликларни даволашда қўлланилади:
Бундан ташқари женьшеннинг турли бўлакларидан тайёрланган дамлама ва эликсирлардан ҳар хил кўринишдаги касалликларнинг олдини олиш, тана умумий соғлигини тиклаш, инсон организмидаги турли безлар фаолиятини изга солишда фойдаланилади.
Женьшендан турли дорилар тайёрланади. Бу дори-дармонларни дорихоналардан харид қилиб олиш ёки шифокор тавсиясига асосан уй шароитида тайёрлаш мумкин.
Чой
Бу шифобахш ичимликни женьшень қуритилган илдизининг янчилганидан тайёрлаш мумкин. Унинг устидан 1:10 миқдорда қайнаб турган сув қуйилади ва 10 минут тиндирилади. Сўнг дамлама докадан ўтказилиб, овқатланишдан 20 минут олдин бир ош қошиқдан кунига 2-3 маҳал ичилади. Бундай шифобахш дамлама касалликларнинг олдини олиш мақсадида 1 ой давомида ичилади, кейин камида 30 кун танаффус қилинади.
Асал аралашмали женьшень маъжуни
Агар асал аралаштирилса, ширин ва фойдали шифобахш восита ҳосил бўлади. Бунинг учун қуритиб янчилган женьшень илдизи олинади. Унга 30 баравар миқдорда кўп асал қўшилади (1:30 нисбатда бўлади). Уни истеъмол қилишдан олдин уй ҳароратида 10 кун давомида димлаб тиндирилади. Асалнинг ўзи кўпгина шифобахш хоссаларга эга, шунинг учун бу маъжун бутун организм учун ниҳоятда фойдалидир. Уни 2 ой мобайнида овқатланишдан 20 минут олдин кунига 3 маҳал 1 чой қошиғидан истеъмол қилинади.
Даволаниш мақсадида женьшенни истеъмол қилиш бирон аъзодан қон оқиши, ҳомиладорлик, сурункали ва юқумли касалликларда ва турли шамоллашларда мумкин эмас. Женьшень истеъмол қилишнинг ёмон оқибатлари йўқ, лекин у кучли таъсир қилувчи восита бўлгани сабабли, қаттиқ бош оғриғи келтириб чиқариши, қон босими бор кишиларда (жуда сезиларли) саломатликнинг ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин, 45 ёшга етмаган кишиларга уни истеъмол қилиш мумкин эмас. Баъзи кишиларда уни муолажа сифатида истеъмол қилинганда кўнгил айниш, қайт қилиш, қон босими кўтарилиши юз бериши мумкин. Шу белгилардан биронтаси кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Куннинг иккинчи ярмида женьшень истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
12 ёшга тўлмаган болаларни женьшень билан даволаш мумкин эмас.
Женьшень билан даволанаётиб, маст қилувчи ичимликлар ичиш қатъиян ман этилади.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
26 январь 2017 йил
Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...
Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:
Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2], деганлар.
Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” – дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.
Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.
Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.
Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.
Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дейди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.
Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.
Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.
Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.
Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.
Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4], дедилар.
[1] Исро сураси, 44-оят.
[2] Имом Муслим ривояти.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Муслим ривояти.