Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Қуръони карим тиловатида истиоза

25.01.2017   17747   9 min.
Қуръони карим тиловатида истиоза

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Истиъоза – бу « أعوذ بالله من الشيطان الرجيم »  (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм) дир.

Маъноси: «Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ беришини сўрайман».

وَقُلْ رَبِّ أَعُوذُ بِكَ مِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ

Айт: «Эй, Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. (Муминун 97-оят.).

Имом Қуртубий: Иблисни шайтон дея номланди, буни сабаби ҳақдан узоқлашгани ва Аллоҳнинг буйруғидан юз ўгирганидир. Чунки инсу-жинларни ҳақдан юз ўгириб, узоқлашганини шайтон дейилади деганлар.

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنْسِ وَالْجِنِّ

Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсон ва жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. (Анъом 112-оят.).

Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал истиозани айтиши керак.

فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

Бу оятда Аллоҳ таоло: «Агар Қуръон ўқисанг, бас, қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ беришини сўра» демоқда. (Наҳл сураси 98-оят.).

Истиозани айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.

Баъзи уламолар бу оятдаги амрни вожиб деганлар, баъзилари эса мустаҳаб деганлар. Шунга кўра, истиозани ўқиш вожиб ёки мустаҳаб бўлади. Истиозани тиловатдан олдин бир марта ўқиса, кифоя қилади. Агар тиловат асносида бошқа иш аралашиб, тиловат тўхтаб қолса (масалан, бирор киши билан гаплашилса ёки туриб бирор иш бажариб келинса), истиъоза яна қайта ўқилади. Агар тўсатдан аксириш, йўтал тутиши ёхуд шунга ўхшаш ихтиёрдан ташқари ҳолатлар содир бўлиб қолса, у ҳолда истиъоза қайта ўқилмайди.

أعوذ  – сўзи ҳақида “Лисанул - араб “ китобида шундай дейилади: “ عاذ به , яъни “таянмоқ, ундан паноҳ сўрамоқ” маъносида”. Ҳадисдан мисол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир араб аёлга уйландилар. Ҳузурларига у аёл киритилганида шундай деди:  أعوذ بالله منك яъни, мен сиздан Аллоҳ таоло томон қочаман, У Зотдан паноҳ сўрайман”. Пайғамбар алайҳис - салом: “ Сен паноҳ Берувчи Зотдан паноҳ сўрадинг, ўз аҳлингга кетавер”, - дедилар.

“Шайтон” – араб тилида “ бўйин товловчи, кеккайган, узоқлашган” деган маънони англатади. Араблар:  شطنت داره яъни, унинг ҳовлисидан узоқлашдим, дейдилар. Сибавайҳ айтадилар:” Араблар бирор киши шайтоннинг ишини қилса تشيطن  дейдилар” . Қуртубий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Шайтон сўзи фақат жинларга хос эмас, балки, инсон ва ҳайвонларнинг ҳам бўйин товловчи, осийларини ҳам “шайтон” дейилади. Бунга оят яққол мисол شياطين الإنس والجن яъни, Инсон ва жинларнинг шайтонлари.( Анъом сураси 112-оят).

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу бир эшакка миндилар. Ўзларини кеккайгандай ҳис қилдилар, шунда: “Мени шайтонга миндирибсизларку?” - дедилар. Хуллас “шайтон”– ҳар қандай яхшиликдан, раҳматдан фисқи туфайли узоқ, деганидир .

“Рожим” – яхшиликдан узоқ қилинган, улоқтирилган ҳамда васваса ва ёмонликни отувчи деган маънони англатади.

Қуртубий (роҳматуллоҳи алайҳи) шундай  дейдилар: “رجم  – аслида “тош отмоқ” дегани. Баъзан, “ражм” қатл, лаънат, ҳайдаш, сўкиш, маъноларида ҳам ишлатилади. Буларнинг барчаси қуйидаги оятда мужассам бўлган:

لئن لم تنته يا نوح لتكوننّ من المرجومين

“Улар: эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилганлардан бўлурсан”, дедилар”.( Шуаро сураси 116-оят).

“ Истиоза “даги масалалар қуйидаги тартибдадир:

Баъзи олимлар намозда истиоза айтиш суннат эканлигига ижмоь қилганлар. Уни тарк қилиш намозни бузмайди хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ бехосдан. Намоздан ташқарида Қуръон ўқувчига истиозани айтиши мустаҳабдир.

Машҳур тобеин Ато ибн Рабоҳ (роҳматуллоҳи алайҳи), истиозани айтиш вожиб, намозда бўлсин ёки ундан ташқарида бўлсин, фарқи йўқ, дейдилар.  Бунга далил қилиб فإذا قرأت القرآن فاستعذ بالله, яъни, Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин (Наҳл сураси 98-оят) оятининг зоҳирий маъносини ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда доимий бўлганликларини келтирадилар.

Кўпчилик олимлар: оятнинг маъноси, “Қуръон ўқимоқчи бўлсангиз, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда доимий бўлганларига келсак, у зот бундан  бошқа намознинг жуда кўп амалларида доимий бўлганлар. Масалан: намознинг ичидаги такбирлар ва тасбиҳлар. Ваҳоланки, булар вожиб эмас.

Баъзи олимларнинг наздида, Истиозани айтиш намоздами ёки ундан ташқаридами, фарқи йўқ, қироатдан олдин бўлиши керак. Бунга далил Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу айтадиларки: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси намозга турсалар такбир ва санодан сўнг  шундай дер эдилар: “Мен ўта Эшитувчи ва Билувчи бўлган Аллоҳдан лаънати шайтондан, унинг ёмонлигидан, фисқи фасоди ҳамда бузуқлигидан паноҳ сўраман”. (Термизий ривояти).

Иброҳим Нахаий роҳимаҳуллоҳ, истиоза қироатдан кейин бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Бу гапга Довуд, Аҳмад ва Ибн Сирийнлар қўшиладилар.

Имом Муҳаммад “Осор” китобида шундай келтирадилар: “Беш ўринда имом овозини махфий қилади. Улар: сано айтганда, тааввузда (истиоза), Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимда, омин айтганда ва “Аллоҳумма Роббана лакал ҳамд”ни айтганда”.

Иброҳим Нахаий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Намозда тўртта ўринда овоз махфий қилинади:  сано айтганда, тааввузда (истиоза), Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимда, омин айтганда”. Буни Абдурраззоқ ўз китобларида келтирганлар.

Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималарнинг наздиларида Истиозани қироат учун айтилади.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи истиоза сано учун, деб ҳисоблайдилар. Шу ихтилофга кўра, масбуқ (яъни жамоатдан 1 ва ундан кўп ракаатдан кеч қолган киши) Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималарнинг наздиларида истиозани айтади. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг наздиларида эса, масбуқ киши истиозани айтмайди. Чунки масбуқ ўзи давом эттираётган ракаатларида санони айтмайди. Зеро, у кишининг наздиларида истиоза сано учун айтмайди. Шунингдек, Ийд намозида истиозани айтилиши Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг наздиларида сано айтилганидан кейинг  уч такбирдан олдин бўлади. Имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималар, ийд намозларида истиоза қироат учун айтилгани сабаб уч такбирдан кейинг бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар.

Имом Шофеий ва Абу Ҳанифа роҳимаҳумаллоҳи алайҳималарнинг наздида, оятнинг зоҳирига биноан, истиозанинг айтилиши  “ أعوذ بالله من الشيطان الرجيم ” бўлади ва бунга Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далилдир. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи: “ Истиозанинг айтилиши “ أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم ” бўлади ва бунга Абу Саид ал -Ҳудрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далил”, - дейдилар.

Истиоза айтишнинг ҳикмати – банда ўзини ожизу нотавон, заиф ва қул эканини иқрор этиши ва Борий азза ва жалла барча зарар ва офатларни даф қилишга қодирлигини ҳамда шайтон инсонга очиқ-ойдин душман эканини эътироф этишидир.

            Жафар ас-Содиқ роҳматуллоҳи алайҳи шундай дейдилар: “Қироатдан олдин истиоза айтилиши шарт. Бошқа тоатлардан олдин истиоза айтилмайди. Қироатдан олдин айтилишининг ҳикмати банда тилини ёлғон, ғийбат, чақимчилик каби ёмон иллатлар билан нажосат қилади. Аллоҳ таоло банданинг тили пок бўлиб, шу пок тилбилан Пок бўлган Зотнинг нозил қилинган каломини ўқиши учун бандани истиозага буюрди.

Унинг бир неча кўринишлари мавжуд:

1)         أعوذ بالله من الشيطان الرجيم

2)         أعوذ بالله من الشيطان

3)         أعوذ بالله العظيم من الشيطان الرجيم

4)         أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم

5)         أعوذ بالله من الشيطان الرجيم من همزه ونفخه ونفثه

6)         أعوذ بالله العظيم من الشيطان الرجيم إنه الله هو السميع العليم

7)         أعوذ بالله العظيم بوجه الكريم وسلطانه القديم من الشيطان الرجيم

8)         أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم من همزه ونفخه ونفثه

Истиъозани овоз чиқариб ва махфий айтиладиган ҳолатлар

Овоз чиқариб айтиладиган ҳолатлар:

1- йиғилишларда овоз чиқариб ўқилади;

2- таълим ўрнида қироатни бошловчи киши овоз чиқариб ўқийди.

Махфий айтиладиган ҳолатлар:

1- намозда;

2- ўзи ёлғиз тиловат қилганида;

3- таълим ўрнида, тиловат қилишни бошламаган бўлса.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Оллоҳшукур Пошшозода: Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб биламан ва унинг ҳар бир ютуғидан чин дилдан қувонаман

02.09.2026   64679   3 min.
Оллоҳшукур Пошшозода: Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб биламан ва унинг ҳар бир ютуғидан чин дилдан қувонаман

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, тараққиёт ва янги ютуқлар учун Аллоҳ таолодан хайрли дуолар сўрайман.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон улуғвор тарихий йўлни босиб ўтиб, мард ва олижаноб ўзбек халқининг мустаҳкам иродаси туфайли юксак ютуқларга эришди. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда катта тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб билиб, уни ҳамиша қалбимда асраб келаётган инсон сифатида қардош ўзбек халқининг ютуқларидан чин дилдан қувонаман. Ўзбекистон ривожи ва фаровонлиги йўлида бор куч-қувватини аямай келаётган фидокор раҳбар – Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс меҳнатларини алоҳида эътироф этаман.

Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакат сўнгги ўн йил давомида Учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон бугун давлат раҳбарининг юксак сиёсий тафаккури ва саъй-ҳаракатлари туфайли ислом оламида ёрқин нур сочаётган маданий-маънавий марказга айланди.

Ушбу заҳматларнинг ёрқин намунаси бўлган Ислом цивилизацияси марказини бутун дунё мусулмонларига тақдим этилган бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек мутафаккирларининг қимматли илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Ўзбекистон заминининг асрлар давомида шаклланиб келган маърифат ва ирфон маркази мақомини яна бир бор ифодалайди.

Ўзбекистон етакчиси билан ҳар бир учрашув ва мулоқот мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўрсатаётган юксак эътибори учун чексиз миннатдорлик билдираман. Яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденининг топширилиши менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди ва бундан бениҳоя фахрланаман.

Мустақил Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларимизни янада кенгайтириш халқларимиз учун кўплаб имкониятлар яратади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган мустаҳкам қардошлик муносабатлари, ўзаро ташкил этилаётган учрашувлар алоҳида қадр-қимматга эга бўлиб, бизга маънавий куч бағишлайди.

Давлат раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва оқилона сиёсати туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда кенгайиб, қардошлигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатнинг ҳар бир ютуғидан беҳад қувонаман ва унинг доимо юксак чўққиларни забт этиши учун дуолар қиламан.

Ўзбекистонда олий диний таълим олиб, Озарбайжон ва Кавказда Шайхулисломлик мақомига кўтарилган инсон сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг миллий-маънавий қадриятлари ҳамда тарихий меросимизга берилаётган эътиборни юксак қадрлайман.

Дунёда кечаётган мураккаб даврда қардош халқларимиз ўзларининг тарихий-маънавий меросларига суянган ҳолда муносиб келажак қуриш йўлида ишонч билан одимламоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муносабатларимизнинг янада кенгайиши Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган лутфу карамидир.

Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, диний-маънавий меросни қайта тиклаш жараёнига туркий давлатлар орасида биринчи бўлиб ўз эзгу туҳфаларини тақдим этган Ўзбекистон халқи ва давлат раҳбарига чин қалбимиздан миннатдорлик билдирамиз.

Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллайман.

Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ раҳмати ва карамидан барчамизни баҳраманд этсин. Эзгу орзу-ниятлар ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ мададкор бўлсин. Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари