Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Муаммолар ечимини Қуръондан изланг

23.01.2017   9514   4 min.
Муаммолар ечимини Қуръондан изланг

Биз кўпинча ҳаётимизда рўй берадиган воқеъа-ҳодисалардан норози бўламиз. Шунда ўзимизга-ўзимиз: нега менга бу мусибат етди? Нега бошқаларга эмас, айнан менга синовлар кўп бўлаяпти? Бу қийинчиликларни ниҳояси борми ўзи? Ва ҳоказо шу каби саволлар бера бошлаймиз. Албатта, мўмин киши яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига имон келтиради. Бироқ шундай бўлсада, айрим кишилар орасида шу каби саволлар ҳали-ҳануз учраб тургани тез-тез қулоққа чалинади. Шу каби саволларга Аллоҳнинг каломидаги оятлардан жавоб топишга уринамиз. Шоядки, айрим инсонлар Каломуллоҳдан келтирилган жавобларни ўқиб, қалблари таскин топса.

 

  1. Савол: Нега Аллоҳ таоло мени бу каби мусибатлар билан синаяпти?

Жавоб:“Одамлар:“Имон келтирдик”,–дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку!..”(Анкабут 2-3).

“...Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз...” (Анбиё, 35).

 

  1. Савол: Нега мен ўзим хоҳлаган барча нарсаларга эриша олмаяпман?

Жавоб: “...Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара, 216).

 

  1. Савол: Нега кучим етмайдиган юмуш мени елкамга тушди?

Жавоб: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”(Бақара, 286).

“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир(Шарҳ, 5-6).

 

  1. Савол: Ўзимга ишончим йўқолиб бормоқда, нима қилсам бўлади?

Жавоб: Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз(Оли Имрон, 139).

 

  1. Савол: Сабр-бардошим борган сари тугаб бормоқда, нима қилсам бўлади?

Жавоб: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200).

(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).

 

  1. Савол: Очиғи, қийналиб кетдим, кимдан ёрдам сўраб, кимга суянишни ҳам билмай қолдим?

Жавоб: ...Менга Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унга таваккул қилдим. У буюк Аршнинг парвардигоридир!”(Тавба, 129).

 

  1. Савол: Мен бу мусибатларга, қийинчиликларга ортиқ бардош беролмайман, мен учун ҳам яхши кунлар борми ўзи?

Жавоб: “...Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф, 87).

(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”(Зумар, 53).

 

  1. Савол: Ҳаётимда мени қувонтирадиган бирор бир нарса йўқ, нимадан хурсанд бўлай, ахир?

Жавоб: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус, 58).

Ушбу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Ҳасан Басрий ва Қатода (роҳимаҳумуллоҳ)лар оятдаги “Аллоҳнинг фазли” – ислом. “Унинг раҳмати” – Қуръон, деб тафсир қилганлар. Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу) эса, Аллоҳнинг фазли – Қуръон, Унинг раҳмати – Қуръонга аҳл бўлишдир, деган. Бундан бошқача тафсирлар ҳам мавжуд.

 

  1. Савол: Аллоҳ таоло менга ҳам яхши кунларни насиб қилармикан?

Жавоб: “...Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир”( Бақара, 143).

 

Интернет маълумотлари асосида

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Жаннатга етакловчи "гуноҳ"

22.11.2024   9835   3 min.
Жаннатга етакловчи

Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.

“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.

Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.

Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.

Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.

Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.

Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.

Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади.

Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.


Даврон НУРМУҲАММАД