Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари муборак ҳаж ва умра ибодатларини адо этишлар учун йилдан-йилга қулай шарт-шароитлар ташкил этиб келинмоқда. Сўнгги йилларда зиёратчиларга кўрсатиладиган тиббиёт, транспорт, меҳмонхона хизматлари ва ибодат масалаларидаги ёрдамлар савияси сезиларли даражада ошганини алоҳида қайд этиш керак.
Яна бир хурсандчилик, ҳаж сафарига бориш истагини билдираётганлар сони ошиб бораётганини инобатга олиб, 2017 йилдан юртимиздан ҳаж зиёратига борувчилар сони 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари 5200 нафар эди). Бу хушхабар барча юртдошларимизга катта қувонч бахш этди.
Шу кунларда Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб, бир қатор вазирлик ва идоралар билан 2017 йилги ҳаж мавсумини намунали ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Куни кеча Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Солиҳ Бантин билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўтган Ҳаж мавсумидаги ютуқлар ва келаётган мавсумга тайёргарлик, уни янада яхши ташкил этишга доир фикрлар билдирилди. Мазкур учрашув якунида икки томон ўртасида имзоланган шартномага кўра, жорий йил Ҳаж мавсуми учун Ўзбекистонга 7200 та квота ажратилишига эришилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси раҳбарияти билан Жидда шаҳрида учрашув ўтказди. Музокараларда ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш доирасидаги ташкилий масалалар, жумладан, Мадина ва Жидда шаҳарлари халқаро аэропортлари орқали зиёратчиларни ташиш, кўрсатиладиган хизматлар муҳокама этилди. Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси иш фаолиятига юқори баҳо берди.

Шундан сўнг Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ташриф дастури доирасида Саудия Арабистони Транспорт корхоналари бош вакиллиги масъуллари билан учрашди. Учрашувда бош вакиллик раҳбари Форуқ Бухорий Ўзбекистон томонидан ҳаж ва умра тадбирларини юқори даражада ташкил этиб келаётгани, ўзбекистонлик ҳожилар замонавий транспорт воситалари билан таъминлангани, шартномавий келишувлар Ўзбекистон томонидан тўлақонли бажарилаётганини алоҳида таъкидлади. Форуқ Бухорий сўзининг якунида Ўзбекистон ҳаж делегацияси аъзоларига юқори даражадаги ташкилий ишлар учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси